Наманганда келинини дўппослаган қайнотага жиноий иш очилди
Жамият
−
14 Август 2020
15895Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 63 яшар қайнота келини билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказди. Эркак жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 10 июль куни Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1957 йилда туғилган фуқаро ўз уйида 1986 йилда туғилган келини билан жанжаллашиб қолади. Тортишувдан бошланган жанжал муштлашувга айланиб, қайнота келинни урган ва унга тан жароҳати етказган.
Ушбу ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2020 йил 11 август куни Ўз.Р ЖКнинг 109- (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш)моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси