Наманганда ИИБ ходимлари қурилиш ишчисини куч ишлатиб олиб кетди

Жамият 7535
image

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Наманганда ИИБ ходимлари жисмоний куч ишлатиб, кураш усулларини қўллаган фуқаро тадбиркор эмас, балки қурилишда ишлаётган ишчи экани аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

2020 йилнинг 17 декабрь куни соат 13:00 да 48 ёшли Т.И. Наманган шаҳар “Сохил” МФЙ ҳудудида жойлашган қурилиш объектида ишчи сифатида ишлаётган вақтида Наманган вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи таркибида ноқонуний қуриб олинган биноларни бузиш жараёнида иштирок этаётган 28 ёшли Х.У. билан оғзаки тортишиб, уни шаҳарсозлик норма талабларига зид равишда ноқонуний қурилаётган бинони бузиш ҳақидаги талабига бўйсунмасдан, уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, қўли билан юзига уриб, тан жароҳати етказгани аниқланган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида, фуқаро Х.У. нинг баданида аниқланган жароҳатлари “ўртача оғир” тан жароҳатлари экани кўрсатилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 29 декабрь куни Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарга кўра, мазкур жиноят иши бўйича олиб бориладиган суриштирув ҳаракатлари давомида жанжалда иштирок этган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонунининг 22-моддасида Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қандай ҳолларда жисмоний куч ишлатилишига рухсат берилгани белгилаб қўйилган.

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

  • жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
  • жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
  • ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун;
  • Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.
Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 152
Рейтинг: 3
t
×