Наманганда эркак қўшни аёлни чопиб ташлади

3-саҳифа

image

Наманганда эркак қўшни аёлни чопқи билан чопиб ташлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Жорий йилнинг 12 июнь куни Наманган шаҳри “Олвализор” маҳалласида яшовчи Х.А. қўшниси М.Т. билан олдиндан ўрталарида бўлиб келаётган уй-жой низоси юзасидан жанжаллашиб қолган. У хонадонидан темир “лом”ни олиб чиқиб, унга хужум қилганида шу жойда бўлган фуқаролар томонидан тўхтатиб қолинган.

Фуқаро М.Т. вилоят Ички ишлар бошқармасига қўнғироқ қилиб, Х.А.га нисбатан чора кўрилишини сўраган.

Мазкур мурожаат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Х.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан маъмурий чора кўриш юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 3 июль куни кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Фуқаро Х.А. ўзига нисбатан М.Т.нинг мурожаати бўйича чора кўрилаётганидан ғазабланиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида 4 июль куни соат 16:00 ларда ўзининг эгизак акаси билан бирга 1 дона чопқи ва пичоқ билан қуролланиб, М.Т.нинг уйига келган.

Аёл уйининг ташқарисига чиққанида Х.А. уни ерга йиқитиб, ўзи билан олиб келган чопқи ёрдамида қорин ва елка соҳаларига бир неча маротаба уриб, икки қўли кафт соҳасидан чопқи билан чопиб ташлаган. Бу воқеа аёлнинг фарзандини кўз ўнгида юз берган.

М.Т. олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан X.A.га нисбатан Жиноят кодекснинг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилган. У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг