Нахечивонда Алиевга бўйсунувчи ижро органи тузилади

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Нахечивон Мухтор Республикасининг Конституциясига Олий Мажлис ва Нахечивон Вазирлар Маҳкамсининг ваколатлари билан боғлиқ янги моддаларни қўшишни тасдиқлади. Бу ҳақда “Report” хабар берди.
 
Алиев “Нахечивон Мухтор Республикасининг Конституциясида ўзгаришларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Ҳужжатга кўра, Конституциясига икки янги модда (3-1 ва 28-1) қўшилиб, 5-моддаси чиқарилган. Шунингдек, бир қатор моддалар ва муқаддима қисмида ҳам ўзгартиришлар киритилган.

Мазкур қарор билан Озарбайжон Конституциясининг 134-моддасининг 3-қисмида кўрсатилган Нахечивон Мухтор Республикасининг Озарбайжон Республикасининг ажралмас таркибий қисми бўлиши ҳақидаги банд Нахечивон Конституциясининг муқаддимасида ҳам акс этади.
 
Конституцияга “Нахчивон Мухтор Республикасида Озарбайжон Президентининг ваколатли вакиллиги” номли 3-1-модда қўшилди. Унга кўра, Нахечивон Мухтор Республикасида Президент томонидан белгиланган вазифаларни бажарувчи ижро органи тузилади. Унга раҳбарлик Озарбайжон Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, тўғридан тўғри Президентга бўйсунадиган ваколатли вакил томонидан амалга оширилади.

Конституцияга 28-1-модда – “Нахечивон Мухтор Республикаси Олий Мажлисининг тарқатилиши” ҳам қўшилди. Ушбу моддада Олий Мажлис 31 нафар депутат талабига биноан ёки Конституциянинг тегишли моддаларида кўрсатилган вазифаларни бажара олмаса, у Озарбайжон Президенти томонидан тарқатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Конституциядан “Нахечивон Мухтор Республикасининг олий мансабдор шахси” номли 5-модда чиқариб ташланди.

Шунингдек, Алиевнинг имзолаган қарорига мувофиқ қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилди:

  • Нахечивон Мухтор Республикаси Олий Мажлисига сайловлар Олий Мажлис раисининг таклифига асосан Озарбайжон Президенти томонидан тайинланади;
  • Шунингдек, ҳужжатда Озарбайжон Республикаси Президенти ёки Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси таклифи билан Нахечивон Олий Мажлисининг сессиясини ёпиқ ўтказиш мумкинлиги белгиланганди;
  • Нахечивон Олий Мажлисига сайловлар ва депутатларнинг мақомига оид қонунлар 31 овоз билан, бошқа масалаларга оид қонунлар эса 23 овоз билан қабул қилинади;
  • Нахечивон Олий Мажлиси раиси бўлиш учун ҳудудда камида беш йил яшаш талаби бекор қилинади;
  • Нахечивонда маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларини Нахечивон Олий Мажлиси раисининг таклифи асосида Озарбайжон Президенти тайинлайди;
  • Нахечивон Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлисга бўйсунмайди ва иш тартибини Озарбайжон Республикаси Президенти билан келишиб белгилайди;
  • Нахечивон Олий Мажлиси раиси актлари энди қарор эмас, фармон деб аталади;
  • Нахечивон Мухтар Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида Конституция қонунлари йўқдир, қонунлар қабул қилинади (50-моддаси). 

Шунингдек, Озарбайжон Конституциясига мувофиқлаштириш, аниқлик киритиш ва техник характердаги бир қатор ўзгартиришлар  киритилган.

Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасига қонунлар ва давлат раҳбари актларини “Нахечивон Конституциясида ўзгаришлар тасдиқланиши ҳақида” Конституция қонунига мувофиқлаштириш бўйича таклифларни уч ой ичида тайёрлаб, Президентга тақдим этиш топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Конституция Нахечивон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг