Нагиев “Голос”дан кетди. Бошловчи санкциялардан қўрқдими?

Маданият-санъат 8543
image

Россиялик актёр ва телебошловчи Дмитрий Нагиев “Первый канал”даги “Голос” шоусининг янги мавсумида иштирок этмайди. Катта аудиторияга эга бўлган ушбу лойиҳага бошловчилик қилиш вазифаси актриса Лариса Гузеевага ишониб топширилган. Бу ҳақда телеканал расмий сайтида хабар берилди.

“Первый канал” продюсери Юрий Аксюта вазиятга изоҳ берар экан Дмитрий Нагиевнинг ўзи кўрсатувга бошловчилик қилаётганига 10 йил тўлганида ижодий танаффус қилиш режаси бўлганлигини маълум қилди.

Ўз навбатида лойиҳанинг янги бошловчиси Лариса Гузеева таклиф у учун кутилмаган бўлгани лекин барча танқидларга тайёр эканини таъкидлади

“Ушбу лойиҳа 10 ёшда ва ҳамма Нагиевга ўрганиб қолган. Шундай пайтда уни ўрнини эгаллаш албатта қўрқинчли. Бундай вазиятларда ҳамма сизни солиштиради. Мен бирорта лойиҳада бошловчи алмашганида одамлар янги қаҳрамонни “Салом, биз сизни кутган эдик” деб қарши олганини кўрмаганман. Мен ўзимга отиладиган танқид тошларига тайёрман. Бу муқаррар”, деган Гузеева.

Аммо бошқача қарашлар ҳам йўқ эмас. Ушбу хабар муҳокамаларида айрим россияликлар Дмитрий Нагиев Россия давлат каналларида бошловчилик фаолиятини олиб бориши натижасида ғарбнинг санкцияларига учрашидан қўрқиб “Голос” лойиҳасида бошловчилик қилишдан бош тортганини айтмоқда.  

Маълумот ўрнида, Дмитрий Нагиев 2012 йилдан буён “Голос” шоусига доимий равишда бошловчилик қилиб келган. 2014 йил февраль ойида у худди шу ролни “Голос. Дети” лойиҳасида ижро этган, 2018 йил сентябридан эса “Голос. 60+” шоусини ҳам олиб бораётган эди.

Ушбу лойиҳада, турли йилларда Севара Назархон, Наргиз Зокирова, Сардор Милано, Сабина Мустаева, Мадина Саидазимова ва Шуҳрат Турдихўжаев каби асли келиб чиқиши Ўзбекистонлик бўлган санъат вакиллари иштирок этган.

 

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 198
Рейтинг: 3
t
×