Нафрат, тушкунлик, ишончсизлик... Култепага айланган Германия урушдан кейин қандай юксалди?

Таҳлил 18074
image

“Биз африкалик қабила эмасмиз, мағрур европалик миллатмиз. Дунё билиб қўйиши керакки, таслим бўлган немис халқи эмас, Германия армияси эди”.

ГФР биринчи канцлери Конрад Аденауэр

Иккинчи жаҳон уруши Германияга жуда қимматга тушди. Урушдан сўнг, Олмониянинг аҳволи ачинарли ҳолатда эди. Айниқса, Берлин шаҳри таниб бўлмайдиган даражада вайронага айланди. Давлат қарзи 1938 йил охирида 27,2 млрд немис маркасини ташкил этган бўлса, урушнинг охирига келиб бу кўрсаткич 377,3 млрд маркага етди. Устига устак, 1949 йилга келганда мамлакат икки қисм ГФР (Германия Федератив Республикаси) ва ГДР (Германия Демократик Республикаси)га бўлиниб кетди. Бундай оғир вазиятда немис халқи юксак ирода ва жонкуярлик намойиш эта олди. Тез орада, Германия иқтисоди урушдан олдинги даражадан ҳам ўсиб кетди. 1960 йилга келганда, ГФР ривожланиш бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринга кўтарилди. Бу иқтисодий ўсиш тарихда “герман мўъжизаси”, деб ном олди. 

Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда Германиянинг урушдан кейинги аҳволи, мамлакатнинг иккига бўлиниб кетиши ҳамда “герман мўъжизаси” ҳақида маълумот берамиз.

Иккинчи жаҳон урушининг Германия учун оқибатлари

1939 йил 1 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушини бошлаган Германия, 1945 йил 9 май куни мағлуб бўлганини тан олди. Иттифоқдош мамлакатлар авиацияси томонидан Гамбург, Дрезден, Берлин, Мюнхен, Нюрнберг, Кассель каби юзлаб шаҳарлар вайронага айлантирилди. Саноат ишлаб чиқариш урушдан олдинги даражанинг учдан бир қисмига тушиб кетди.   Мамлакатнииг транспорт тузулмаси ва энергия тизими бутунлай ишдан чиққан эди. Давлат қарзи 1938 йил охирида 27,2 млрд немис маркадан 1945 йил майига келиб 377,3 млрд маркага етди. Инфляция урушдан олдинги даврга нисбатан 600% ни ташкил этди. Шарқий Пруссиянинг СССРга берилиши оқибатида, у ердаги 9 млндан ортиқ немислар Германия ичкарисига кўчирилади. Бу ҳол уй-жой муаммосини янада кескинлаштириб юборди. Кўчалар бошпанасиз қолган одамларга тўлиб кетди. Ўша йилли қиш қаттиқ келиб, минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритди. Немис халқини ички тушкунлик, нафрат ва келажакка ишончсизлик кайфияти чулғаб олган эди. Ҳалокат ёқасига келиб қолган Германияни қутқариб қолиш учун тезкор ва қатъий чоралар кўриш лозим эди.

Германиянинг тўртга бўлиниши

Таслим бўлган немис халқининг тақдири, уруш тугамасдан туриб, 1945 йил 17 июль куни бўлиб ўтган “Постдам” конференциясида узил-кесил ҳал этилган эди. Урушдан сўнг, Германия ўз мустақиллигидан айрилди. Унинг ҳудуди тўрт буюк давлат (АҚШ, СССР, Буюк Британия, Франция) томонидан ўзаро бўлиб олинди. Хусусан, Совет Иттифоқи Германиянинг шарқий қисимидаги Саксония, Ҳалле-Мерсебург, Магдебург, Анҳалт, Тюринген, Бранденбург, Мекленбург ва Ғарбий Померания ҳудудларини ўз бошқарувига олди. 

Буюк Британияга эса Рейннинг шимолий қисми, Вестфалия, Ганновер, Брауншвайг, Ольденбург, Шаумбург-Липп ерлари бўлиб берилди. АҚШ бўлса жануби-ғарбда жойлашган Бавария, Гессен, Баденнинг шимолий қисми ва Вюртембергнинг шимолий қисмидаги ўлкаларга эгалик қила бошлади. 

Германиянинг ғарбини ишғол қилган Францияга, Вюртемберг, Баден, Рейн ва Пфалтснинг жанубий қисмидаги ерлар берилди. Келишувга кўра, бу ҳудудларда ҳар бир давлат ўз ҳукуматини ўрнатди. Бундан ташқари, Одергача бўлган ҳудуд ва Ғарбий Нейссе Польшага, Судет вилояти Чехославакияга қайтарилди.

Оккупация даври

Иккинчи жаҳон урушида СССРнинг ғалаба қозониши унинг Жаҳон мамлакатлари олдидаги обрўйини кескин кўтариб юборади. Шу сабабли, Германиянинг шарқида коммунистик давлат тузиш тарафдорлари кўпая бошлади. Совет ҳукумати 1945 йилда тўртта партияга Германия ҳудудида фаолият олиб боришга рухсат берди. Булар – Германия коммунистик партияси (ГКП), Германия социал-демократик партияси (ГСДП), Христиан демократик сюзи (ХДС), Германия либерал-демократик партияси (ГЛДП).

Германия социал-демократик партиясининг раҳбарияти коммунистлар билан қўшилиш ва ягона Германия сўл партиясини тузиш тарафдори эди. 1946 йилнинг апрель ойида икки партиянинг бирлашув съезди бўлиб ўтди. Янги партия “Германия бирлашган социалистик партияси” деб номланди. Унинг дастурида эксплуатацияга, зулмга, қашшоқлик ва ишсизликка барҳам бериш ҳамда империализм таҳдидидан халос бўлган социалистик давлат қуриш ўз ифодасини топган эди.

Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, Германиянинг ғарбида Христиан демократик ҳаракатининг бирлашуви рўй бера бошлади. Ғарбдаги Германия Христиан демократик партиясига собиқ Келин шаҳри мэри Конрад Аденауэр бошчилик қила бошлади. Аденауэр ХДСнинг коммунистик йўналишини тақиқлаб, ҳам настистик, ҳам марксистик ғояларни қаттиқ қоралади. Конрад Аденауэр  ғарб цивилизацияси асосида Германиянинг буюклигини тиклашни орзу қилди. 

Берлин инқирози 

1946 йил “Совуқ уруш”нинг бошланиши Германия тақдирига таъсир этмай қолмади. “Потсдам” конференцияси қарорлари бажарилмади. Германия муаммоси АҚШ ва СССР манфаатлари кескин тўқнашган муаммога айланди. Бу тўқнашув Германиянинг бўлиниб кетишини муқаррар қилиб қўйди. Янги шароитда АҚШ Германияни Ғарбнинг ишончли таянчига айлантиришга интилди.
 
1947 йилнинг март-апрель ойларида Москвада ғолиб давлатлар ўртасида ўзаро йиғилиш бўлиб ўтади. Унда АҚШ делегация вакиллари Совет ҳукуматидан Германиядан товон ундиришни тўхтатишини ва олмонларга иқтисодини тиклашга имкон бериш лозимлигини айтишади. Аммо, бунга Москва рози бўлмайди. Бу эса икки ўртадаги муносабатларни кескинлаштиради. Бунга жавобан Ғарбий Гарманияда пул ислоҳоти ўтказилади. Рейхс марка ўрнига янги немис маркаси жорий этилди. Ғарбий оккупация зонасида яшаётган аҳолининг ҳар бирига эски 60 маркани янги 60 маркага айлантиришга рухсат берилади. Бундан ғазабланган Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин ғарбий Берлинни қамал қилишга буйруқ беради. Бундай вазиятдан фойдаланган АҚШ, Буюк Британия ва Франция 1949 йилнинг апрель ойида Вашингтон шаҳрида Ғарбий Германияда мавжуд 9 та земел (ўлка)дан иборат бўлган Германия Федратив Республикасини тузиш тўғрисида ўзаро келишиб оладилар.

1949 йилнинг август ойида Ғарбий Германияда Бундестаг (Германия Парламентининг қуйи палатаси)га биринчи сайлов ўтказилди. Бу сайловда Христиан демократик партияси ғалаба қозонди. ХДИ номзоди 75 ёшли Конрад Аденауэр канцлер этиб сайланди. Аденауэр Германия келажагини Ғарб дунёси билан узвий боғлиқ эканини ҳаммадан кўпроқ ва яхшироқ англаб иш тута бошлади.

7 сентябрь куни Бундестаг ГФРнинг янги Конституциясини тасдиқлади. 1949 йил 21 сентябрь куни ГФРнинг ташкил топгани расман эълон қилинди. ГФР Конституциясининг асосини эркинлик, ижтимоий жавобгарлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллатни умумий ижобий мақсад ҳамда манфаатларга эга бўлган ҳақиқий ижтимоий орган, деб эътироф этиш ғояси ташкил қилган. 


  
Бундан ғазабланган Совет ҳукумати ўз оккупация зонасида янги давлат тузишга зўр бериб киришади. 1949 йил 7 октябрь куни Шарқий Германия ҳудудида Совет намунасидаги социалистик Германия Демократик Республикаси тузилди. Шу тариқа, ГФР АҚШ иттифоқчисига, ГДР эса СССР иттифоқчисига айланди. 

ГФРнинг юксалиши

ГФРнинг юксалишига канцлер Конрад Аденауэр ва иқтисод вазири Людвинг Эрхарднинг қўшган ҳиссаси жуда катта бўлди. Аденауэр ГФР иқтисодини тезкорлик билан тиклаш учун “Ижтимоий бозор хўжалиги”, деб номланган моделни ишлаб чиқади. 

Бу модель марказида тадбиркорнинг шахсий ташаббуси ва эркин рақобат турар эди. Моделга кўра, давлатнинг асосий вазифаси хусусий хўжалик субъектларининг фаолият юритиш шаклини белгилаб бериш ва уларга қанчалик амал қилинаётганлиги устидан назоратни таъминлашдан иборат эди.

ГФР иқтисодиётининг гуркираб ривожланишига асосий сабаблардан бири – бу ҳукумат танлаган тўғри йўл эди. 

Иккинчидан, АҚШ ҳукумати ва сармоядорлари ГФРга катта иқтисодий ёрдам кўрсатди. Чунончи, биргина “Маршалл режаси”га кўра, 1948-1949 йилларда 1,4 млрд доллар миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бу маблағ корхоналарни илғор техника ва технологиялар билан қайта таъминлаш имконини берди.

Учинчидан, ҳарбий харажатларнинг деярли йўқлиги иқтисодиётга зарур маблағ сарфлашга имкон берди.

Бу омиллар тез орада ўз самарасини кўрсатди. 1950 йилнинг охирига келиб, саноат ишлаб чиқариш 1936 йилги даражага етди. 1960 йилга келиб эса 2,5 баравар ўсди. 1950—1975 йилларда газ ишлаб чиқариш 60 млн куб метрдан 19,7 млрд кубометрга, пўлат 14 млн тоннадан 54 млн тоннага, автомобиль 306 мингдан 4 млн донага ўсди. Қишлоқ хўжалиги ҳам юксак суратларда ривожланди. Ғалла ҳосилдорлиги 40 центнердан ошди. 50-йилларнинг ўрталарига келганда, ГФРда озиқ-овқат муаммоси тўла ҳал этилди.

1950—1964 йиллар оралиғида жами ялпи ички маҳсулот 3 баравага ўсди. ГФР бутун Германиянинг урушдан олдинги даражасидан кўп маҳсулот ишлаб чиқарди. Экспортнинг импортдан доимо юқори бўлиши катта миқдорда валюта захираси тўплашга имкон берди. ГФР Ғарб мамлакатлари орасида саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди. Катта экспорт туфайли Англия, Франция ва Швейцария давлатларини қўшиб ҳисоблаганда, уларнинг умумий захирасига тенг олтин захираси яратилди. Германия маркаси Европада энг кучли пулга айланди. 50-йилларнинг охирига келганда мамлакатда ишсизлик амалда йўқолди. Аҳолининг реал даромади уч баравар ошди.

“Герман мўъжизаси”

“Герман мўъжизаси”нинг бир қатор омиллари мавжуд эди. Людвиг Эрхард танлаган иқтисодий тизим (бу тизимда либерал бозор механизми давлатнинг мақсадли солиқ ва кредит сиёсати билан бирга амал қилган) ўзининг самарали эканлигини исботлади. Кўп йиллик баҳс-мунозарадан сўнг, мамлакатда монополияга қарши қонун қабул қилинди. Рақобатни чекловчи ҳар қандай шартномалар бекор қилинди. Мамлакатга сармоя киритиш йўлида “Маршалл режаси” асосида йирик молиявий фонд яратилди. Уруш йилларида вайрон қилинган саноатни тиклашга ҳамоҳанг равишда энг янги технологияларнинг жорий этилиши ва олмон халқининг анъанавий бўлган юқори ишлаш қобилияти ҳам меҳнат самарадорлигининг тез ўсишига олиб келди. Ер-мулклар қайта тақсимланди. Ернинг катта қисми йирик ер эгаларидан олиниб, ўрта ва кичик ер эгаларига берилди. 

Уй-жой қурилиши, бепул ва имтиёзли таълим олиш ҳамда касбий тайёргарлик тизимини кенгайтириш бўйича кенг кўламда иш олиб борилди. Бундан ташқари, ишбилармонлар ва ишчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатларни рағбатлантиришга катта эътибор берилди. Ҳукумат “капитал меҳнатсиз, меҳнат эса капиталсиз мавжуд бўла олмайди”, деган шиорни ўртага ташлади. 1952 йилда иш ҳафтасига 52 соатдан 46 соатга туширилди, ойлик маош эса урушдан олдинги даражадан ошди. 

Урушда оқибатида кул тепага айланган Германия, 10 йил муддатда шундай шиддат билан юксалдики, немис халқи нималарга қодир эканлигини дунё мамлакатларининг кўз ўнгида яна бир бор исботлади. Фақатгина, 1967 йилда “Япония мўъжизаси” “Герман мўъжизаси”дан ўзиб кетди. 

Келгуси мақоламизда Япониянинг тараққий этиши ҳақида маълумот берамиз.

Сардор Али Нурматов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 322
Рейтинг: 3
t
×