Шифокор фарзандларини мактабга юбораётган ота-оналарга муҳим тавсиялар берди
Интервью
−
12 Сентябрь 2020
10939Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистондаги 10 мингга яқин мактаблар иш фаолиятини бошламоқда. Айни вақтда ота-оналар олдида икки йўл бор: пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларини уйда олиб қолиб, онлайн таълим олиш шароитларини яратиш ва гигиена қоидаларига риоя қилишларини назорат қилган ҳолда мактабга юбориш. Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова фарзандларини мактабга юбораётган ота-оналарга муҳим тавсиялар берди.
— Шу кунларда фарзандларини мактабга юбораётган ота-оналарга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
— Ота-оналар, аввало, фарзандини мактабга юборишдан олдин уларнинг соғлигига ва руҳий ҳолатига, албатта, эътибор беришлари керак. Шу ўринда психологлар тарафидан бундай узоқ карантиндан чиқиш учун вақт (камида уч ҳафта) талаб этилишини инобатга олиб, сиздан боланинг ҳиссий ҳолатига эътибор беришингизни сўралади.
Фарзандингизда ўтган вақт давомидаги ўзлаштира олмаган билимларига етиб олиши учун пайдо бўлиши мумкин бўлган стрессни енгишга кўмаклашиш керак. Карантин таътилидан кейин бола мактабда ёмон баҳолар олиши мумкин. Бундай ҳолатда унга танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг.
Доимий танбеҳлар сабаб ўғлингиз ёки қизингизнинг ўзига, кучли томонларига бўлган ишончини йўқотишига йўл қўйманг. Фарзандингизнинг соғлиғини кузатиб боринг ва агар унда касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) пайдо бўлса, уни таълим муассасасига юборманг.
Шунингдек, фарзандларингизга қуйидаги гигиена қоидаларини ўргатинг:
• қўлларини совун ва тоза сув билан тез-тез ювиб туриш;
• совун ва сув бўлмаса, қўллар учун спирт асосидаги дезинфекция воситасидан фойдаланиш (спирт миқдори камида 60 фоиз бўлиши керак);
• фақат тоза ичимлик сувидан фойдаланиш;
• жамоат ҳожатхоналари ҳамда уй ҳожатхоналарининг тозалигига эътибор бериш ва фойдаланиш тартибига риоя қилишни;
• чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тўғри йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш кўникмалари;
• нафас олиш гигиенасига риоя қилиш: йўтал ва аксирганда оғиз-бурунни мато ёки тирсак ёрдамида тўсиш;
• кафт билан юзга, кўзларга, оғиз ва бурунга тегмаслик.
Бундан ташқари, фарзандларингизнинг бир-бирига эътиборли бўлишга ўргатинг, улар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликнинг олдини олиш чораларини кўринг.
Таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиниш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг.
— Турли инфекциялар авж оладиган куз фаслида ўқувчилар нималарга амал қилишлари лозим?
– Дарҳақиқат, куз фаслида ўткир вирусли инфекциялар авж олади. Бу пайтда ўқувчилар турли инфекциялар юқишининг олдини олиш ва касал бўлиб қолган пайтида эса, бошқаларни грипп, коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялардан ҳимоя қилиш учун респиратор гигиена қоидаларига амал қилиши керак. Яъни, қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки уй ҳайвони олдидан келгач қўлларни ювиш лозим. Юзни қўл билан кўп ушламаслик керак.
Кўп одам йиғиладиган жойларга боришни имкон қадар камайтириш лозим.
Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз билан бурунга букилган тирсак, енг ёки салфеткани тутинг. Ундан кейин салфеткани дарҳол ахлат идишига ташланг ва қўлингизни ювишни унутманг.
Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқада бўлишдан чекланг.
Болада касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолиши ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиши лозим. Ушбу касалликларнинг қўзғатувчилари жуда юқумли бўлиб, асосан, ҳаво томчилари орқали юқади. Шу сабабли синфхоналарни, албатта, тез-тез шамоллатиш зарур ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь