Мусулмонларнинг ҳар бир ибодати – байрамдир, байрамлари ибодатдир – Одина Муҳаммад Содиқ

Интервью

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, ўзининг бандаларига Рўзани фарз қилган Aллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Рамазон кечалари қиёмни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Саллоллоҳу Алайҳи васалламга салоту-дурудларимиз бўлсин.

Aссаламу алайкум ва раҳматуллоҳу ва боракатуҳ. Сўзимнинг бошида барча мўмин-мўминот, муслим-муслимотларни Рамазон ойи билан муборакбод этаман. Aллоҳ Субҳанаҳу ва таоло бу ойни барчамиз учун, ҳам дунёимиз, ҳам охиратимиз учун хайрли қилсин. Бу ойда имкон қадар яхшилик қилишимизни, савоб ва ажрларга эришишимизни дуо қилиб сўрайман.

Aзизлар, Aллоҳга шукур бўлсинки, сизлар билан суҳбат қилиб, рамазон ойига, рўза аҳкомларига оид баъзи бир мавзуларни гаплашмоқдамиз. Бугунги суҳбатимиз рўзага тайёргарлик ва унинг фазилатлари ҳақида.

Ҳаммамизга маълумки, 12 ойнинг султони Рамазон ойи ҳисобланади. Aллоҳ таоло унинг фазилатларини ўзининг муқаддас китобида баён қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) кўплаб ҳадисларда баён қилган бу ойда Aллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони Карим нозил бўлган.

Рамазон шундай ойки, унда Қуръон одамлар учун ҳидоят бўлиб нозил қилинган ва унда ҳидоятдан баййинотлар, яъни баён қилувчилар бордир. Aллоҳ ўзининг бандаларига амр қила туриб айтадики, “Эй, имон келтирганлар, сиздан аввалгиларга рўза фарз бўлгани каби, сизларга ҳам рўза фарз бўлди. Шоядки тақводор бўлсангиз”. Эътибор беринг, Рўзадан мақсад тақвога эга бўлиш экан. Тақво ҳар бир банда орзу қиладиган неъматдир, мартбадир, фазилатдир. “Ҳар бир киши нима қилсак, тақвойимиз зиёда бўлади?”, деб сўрайди.

Тақво Aллоҳнинг ҳузурида энг катта ўлчовдир ва Рамазонда тутилажак рўза, тақвога эришишимизда энг катта ёрдамчи бўлар экан. Рўза тутар эканмиз, тақвони касб қиламиз, тақвойимиз зиёда бўлади. Энг катта фазилат мана шудир. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) кўп ҳадисларда, рўзанинг фазилатларини баён қилганлар. Уларнинг бирида рўзани “қалқон”, яъни сақловчи деб васфлаганлар. Нималардан сақлайди дейилса, бу дунёда турли маъсият ва гуноҳлардан, камчиликлардан, паст ахлоқликлардан сақлайди, хулқни сайқаллайди. Охиратда эса дўзах оловидан асрайди дейилади.

У зот яна марҳамат қилиб айтадиларки, кимки рамазон рўзасини иймон билан, савоб илинжида тутадиган бўлса, ўтган йилги гуноҳларига, бошқа бир ривоятларда эса келгусидаги гуноҳларига кафорат бўлиши айтилган. Баъзан бирор гуноҳ қилиб қўйсак, Aллоҳ мени кечирармикин, нима қилсам гуноҳимни юва оламан, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, 30 кунгина рўза тутиш, бир йилги гуноҳларни мағфират бўлишини таъминлайди.

Рўза тутганда фақат таом ва шаробдан тийилиб қолмасдан, балки иймон билан ва бировга кўз-кўз қилиш учун эмас, ҳақиқий савоб умидида тутса, мана шундай натижаларга эришиш мумкин экан. Жаннатда Райён деб аталган эшик бўлиб, у фақат рўзадорлар учун ва ундан фақат рўзадорлар кириши мумкин эканлиги, рўзадорлар учун катта неъмат ва катта мартабадир.

Рамазон шундай ойки, бу ойда Дўзах эшиклари ёпилиб, Жаннат эшиклари очилади, жинлар ва шайтонлар кишанланади. Демак олдимизда катта фурсат турибди. Кўплаб ажр ва савобларни олиш имкони бор. Шу сабабдан рўзага, ҳам руҳан, ҳам жимонан тайёр бўлишимиз керак. Биз буни қувонч билан қабул қилишимиз лозим. Мусулмонларнинг ҳар бир ибодати ўзи учун байрамдир ва байрамлари ҳам ибодатдир.

Биз мусулмонлар бу ойда бир-биримизга яхшилик таратишимиз керак. Масалан, бир-биримизни дуо қилишимиз мумкин. Aллоҳ ҳар бир ишга қодир, бандаси эса ожиз. Aллоҳ таоло қўллаб-қуватламаса, бандасига ҳеч нарса насиб этмайди. Шунинг учун кўпроқ ибодатларга муваффақ қилсин деб, Aллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сўраймиз. Гуноҳларимизни кечирсин ва ўзи рози бўладиган ҳолда ушбу ойни ўтказишни насиб айласин.

Энди атрофдаги хатти-ҳаракатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ойда кўпроқ ибодат, Қуръон тиловат ва Зикр ва тасбеҳлар билан банд бўлишимиз, саховат ишларини қилишимиз, бошқаларга яхшилик келтирадиган ишларни кўпайтиришимиз ва бошқаларнинг хизматида бўлишимиз лозим. Шунинг учун уйимиздаги ички ва ташқи шароитларни тўғрилаш керак бўлади. Бу ойда рўзага ҳалал берадиган нарсаларни тўхтатишимиз, ғийбат ва қилинадиган бошқа ишларга чек қўйиш даркор. Aёлларимиз эса рамазон ойида қўни-қўшнисига яхши муомалада бўлиб, яқинларининг хизматини қилиши лозим. Чунки, рамазоннинг ҳар бир дақиқаси қадрли.

Бугун шуларни билдиришни истадик, кейинги суҳбатларгача Aллоҳга омонатсизлар.

Одина Муҳаммад Содиқ


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг