Мусулмонлар идораси раисига биринчи ўринбосар тайинланди
Жамият
−
17 Декабрь 2019
20158Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга биринчи ўринбосари тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар бермоқда.
Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Олий ҳайъат аъзолари, Диний идора раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, таниқли имом-хатиблар иштирок этган.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тузилмасида янги жорий этилган раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига Ҳомиджон Баҳромович Ишматбеков номзоди бир овоздан маъқулланди.
Маълумот ўрнида, Ҳомиджон Баҳромович Ишматбеков 1970 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент ислом институти, Мадина ислом университетида таҳсил олган. Фаолияти давомида "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мудири, Тошкент шаҳар "Муҳаммад Носир ҳожи" масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири лавозимларида хизмат қилган. Бир қатор китоб ва илмий мақолалар муаллифидир.