Мусулмонлар идораси Ҳаж нархи нега ошганини очиқлади 

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилда Ўзбекистонда бир нафар зиёратчига Ҳаж сафари учун тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди ва бу жуда кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон мусулмонлар идораси ушбу ҳолатга муносабат билдирди. 

Қайд этилишича, Саудия ҳукумати томонидан Ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган, шунингдек коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошган.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун Ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Шунингдек, ўзбекистонликлар жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қилади. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайди.

“Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

Ўзбекистон зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Бундан ташқари, жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилган. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилган.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмасада, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқат берилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагилар киради:

•  Ҳаж визаси;
•  Авиабилет;
•  Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
•  Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
•  Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
•  Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
•  Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
•  24 соат тиббий хизмат;
•  Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
•  24 соат транспорт хизмати;
•  3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
•  Ҳаж қўлланмаси;
•  Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
•  “Замзам” суви (5 литр);
•  Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
•  Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
•  Қурбонлик.

“Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.

Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмни ташкил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

407

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг