Мусулмон мамлакатларда ҳалол бўлмаган маҳсулотларга алоҳида ёрлиқ қўйиш таклиф қилинди

Олам

image

Туркиянинг Анталия шаҳрида II Халқаро “Ҳалол туризми” анжумани бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 21 мамлакати қаторида Ўзбекистондан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг хорижий маслаҳатчиси С.Бадак ва “Ипак йўли офиси” унитар корхонаси директори М.Мирзоҳидов ҳам иштирок этди.

Малайзиянинг исломий туризм маркази бош директори Абдул Хани Дауд ўз нутқида мусулмон мамлакатлари фуқароларини Ўзбекистонни зиёрат қилишга чақирди.

“Мусулмон мамлакатлари аҳолиси маънавий-маданий дам олиш учун аввал мусулмон мамлакатларига саёҳат қилиши керак. Бунда Ўзбекистон асосий йўналишлардан бири бўла олади. Яқинда Бухорода ўтказилаган I Халқаро Зиёрат туризми форумига бориб, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти, бой мероси ва қадимий ёдгорликлари билан танишган эдим. Ўзбекистон Миср эҳромларига рақобатдош бўла оладиган қадимий тарихий обидаларга эга эканлигининг гувоҳи бўлдим”, дейди Абдул Хани Дауд.

Шунингдек, Абдул Хани Дауд мусулмон ўлкаларидаги туризм ва овқатланиш масканлари учун ҳалол сертификатларини жорий қилишдан кўра, уларда маҳсулотлар ҳалол эканлигини инобатга олиб, масалага ўзгача ёндашишни таклиф қилди. 

Яъни мусулмон мамлакатларида ҳалол бўлмаган маҳсулотлар алоҳида кўрсатилиши, таркибида алкоголь, чўчқа гўшти ёки бошқа ҳалол бўлмаган моддаларга эга маҳсулотларга тегишлича ёрлиқ қўйилиши керак.

Ҳозирги кунда жаҳон ҳалол маҳсулотлари бозори 1.2 триллион долларга тенг бўлиб, бу рақам 2023 йилга келиб 3 триллион долларга етиши кутилмоқда. Ҳалол маҳсулотлар – озиқ-овқат, ахборот воситалари, кийим-кечаклар, фармацевтика ва косметика маҳсулотларини ўз ичига олади.

“Мусулмон ўлкалари маҳсулотларни ҳалол сертификатлаштиришда мусулмон бўлмаган мамлакатлардан кўра орқада қолмоқда. Бу бугунги кундаги мусулмон мамлакатлари зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳалол туризм бозорининг 2020 йилга келиб 200 миллиард доллардан ошишини инобатга олсак, тезроқ ҳаракат қилиш керак бўлади. Бироқ, ҳалол туризм деганда бошқа туризм ҳаром деган фикрга бориш керак эмас. Фақатгина исломий қоидаларга кўра, ташкил этилган, саёҳатдан овқатланиш ва ётоқхонасигача исломий шартларга кўра режалаштирилган саёҳат ҳалол туризм ҳисобланади”, дейди Туркиянинг Ҳалол акредитация агентлиги раҳбари Зафер Сойлу.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон вакиллари Ўзбекистон давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бугунги кунга ҳалол маҳсулотларга оид олтита стандарт ишлаб чиққани, улардан бири – “Туризм хизматлари. Мусулмон меҳмондўстлиги. Талаблар” бевосита ҳалол туризмга оид эканлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳалол туризми

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар