Мустақил экспертлар давлат ишига аралашмоқчи

Жамият 10060

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 15 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё мустақил экспертларининг альянси тузилди. Унда мутахассислар баъзан мамлакат Ҳукуматлари, Қонунчи чиқарувчиларининг улар билан мулоқотсиз, маслаҳатлашмай қарор қабул қилаётганини қоралаб, эндиликда Марказий Осиё экспертлари жим турмаслигини, муаммолар бўйича ўзининг аниқ таклифларини ишлаб чиқишини ва таклифларини ўтказишда жасурроқ бўлишини таъкидлади.

Масалан ўзбекистонлик мустақил эксперт Камолиддин Раббимов Марказий Осиё мамлакатларидаги йирик “клан”лар бошқарувига чек қўйиш кераклигини айтди.

"Минтақа давлат қурилишининг республика шаклларини кучайтириши керак. Экспертлар ҳамжамияти глобаллашув ва омманинг қадр-қимматини уйғотишнинг кучайиб бораётган шароитида давлат ҳокимияти органларига монархияга ёки оилавий ва уруғ-аймоқ бошқарувининг бошқа шаклларига силлиққина ўтиш маълум бир давлатда ҳокимиятнинг қонунийлигининг пасайиши, кейинчалик жиддий сиёсий инқирозларга олиб келишини тушунтиришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши керак. Бошқача қилиб айтганда, “монархизм”, “кланизм”, “авторитаризм” ҳаракатларининг сиёсий қийматининг ҳақиқий республикачилик зиёнига кўтарилишига йўл қўйиб бўлмайди”, дейди у.

Шунингдек, у Марказий Осиё давлатларининг бир аср олдинги минтақавий ўзига хослиги кучли ва бузилмас бўлганини эслатди.

“Минтақанинг ўша пайтдаги аҳолиси маҳаллий, қабилавий ёки бошқа ўзига хосликларидан ташқари, барчаси ўзларини ғурур билан “туркистонликлар” – Туркистон макрорегиони аҳолиси деб атаган. Ўша пайтдаги бирлашган Туркистонда турли тиллар, турмуш тарзи, маҳаллий қабила ўзига хослиги меъёр ҳисобланган, одамлар турли тилларни муаммосиз тушунган ва этник миллатчиликка берилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

Собиқ иттифоқ даврида минтақа этник бўлинишларга кўра бўлинган. Миллий мустақилликка эришгандан сўнг, мамлакатлар ўзларини изоляция ва давлат миллатчилиги билан чегарадош суверенитет билан тўйинтиришни бошладилар.

Вақти-вақти билан минтақани этник ва давлат кимликларига асосланган инқироз ва тўқнашувлар ларзага солмоқда. Табиийки, барча инқирозларда барча томонларнинг ўз “ҳақиқат”лари бор. Бироқ, кўпчилик бундай тўқнашувлар ва инқирозлар низолашаётган томонларни заифлаштиришини, минтақанинг самарали интеграция, максимал субъективлик имкониятларини камайтиришини ҳам тушунади”, деди Камолиддин Раббимов.

Қирғизистонлик эксперт Досим Сатбаевнинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари эҳтимолий таҳдидларга, урушларга олдиндан режа тузиб қўйиши керак.

“Мен Ҳилмунд назариясига қўшиламан. Қандайдир душманлар кириб келганда Ҳилмунд айтган “учинчи тортмада режа турибди”, деган. Бу жуда ҳам қизиқарли факт. Чунки уруш бошланмасидан олдин унинг режаси аллақачон тайёр бўлган экан”, дейди қирғиз эксперти.

У форумдаги ўз нутқини давом эттирар экан, Украина-Россия ўртасидаги уруш Марказий Осиёга янги таҳдидларнинг пайдо бўлишига олиб келишини билдирди.

“Украинадаги постсовет ҳудуди учун уруш, шунингдек, Совет Иттифоқининг парчаланиши билан бир хил таркибий ва тизимли оқибатларга олиб келади, бу халқаро сиёсатнинг қайта форматланишига, халқаро муносабатларнинг янги тизимини қуришга, геосиёсий мувозанатни ўзгартиришга, янги хавф ва таҳдидларнинг, шунингдек, янги имкониятларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Ва бу фонда Марказий Осиёнинг роли нафақат геосиёсий ва геоиқтисодий, балки минтақавий ва глобал миқёсда янги интеллектуал маънолар ва янги кун тартибини ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда", дейди Досим Сатбаев.

Ўзбекистонлик яна бир сиёсий-таҳлилчи Фарҳод Толипов эса сиёсатшуносларнинг фикри гаплигича қолиб кетмаслиги учун агрессивроқ бўлиш кераклигини айтди.

"Ўйлашимча, ўз сўзимизни ўтказишда агрессивроқ бўлишимиз керак. 

Мустақилликнинг бутун даврида минтақавий ривожланиш ғоялари ва рағбатларининг шаклланиши тўхтаб қолмади. Ҳамкорлик тажрибаси тўпланиб, бир қанча илмий ишлар яратилди. Альянсни тузишда нафақат экспертлар ҳамкорлигининг аввалги тажрибасини ҳисобга олиш, балки бу жараённи давлат талаби даражасига олиб чиқиш ҳам муҳимдир. Асосийси, жараённи суҳбатлаштирмаслик. Бизга камроқ расмиятчилик, камроқ кечирим сўраш ва кўпроқ академиклик, кўпроқ танқид керак", дейди Фарҳод Толипов. 

Лекин, шу ўринда ҳақли савол туғилади. Мазкур альянс қай даражада мустақил бўла олади? Айниқса, Россия масаласида, Россия- Украина масаласида аниқ таҳлиллар юритишга уларнинг журъатлари етармикан? 

Форумда QALAMPIR.UZ мухбири яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинанинг урушдаги талафотларини Россия қоплаши кераклиги ҳақида резолюция қабул қилгани, унга жами 94 та давлат рози бўлгани, бироқ уларнинг орасида биронта Марказий Осиё (МО) мамлакати йўқлиги, Ўзбекистон ва бошқалар бетарафликни танлаганини айтиб, “Бу Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро муносабатларига қай даражада салбий таъсир қилади? Нега, МОдагилар бетараф қолди ёки МО мамлакатлари ҳали ҳам Россиянинг босими остидами?" деб сўради. Бунга Раббимов қуйидагича жавоб берди:

“БМТнинг Бош Ассамблеясида Россия-Украина масаласи овозга қўйилганда Марказий Осиё давлатлари нейтрал ҳолатда қолади.  Бу нейтралликни қандай талқин қилиш мумкин? Демак, Марказий Осиё давлатлари учун биринчи савдо ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкор бу – Россия. Яъни, Россия билан боғлиқлик ниҳоятда катта. Мана шу фонда бир томондан МОнинг Россияни қўллаб-қувватламаётгани, иккинчи томондан минтақа давлатлари Ташқи ишлар вазирликларининг баёнотлари бор ва унга кўра, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги каби қадриятлар доимо улуғланади. Шундан келиб чиқиб талқин қилиш мумкинки, минтақа давлатлари Украинага мойил нейтраллик билан бу конфликтга аралашмасликка ҳаракат қилади”.

Сафарбарликдан қочган россияликларнинг Марказий Осиёга кўчиб келиши ортидан Қозоғистон ўз фуқоролигини олмоқчи бўлганларга қозоқ тили ва маданиятини билишни мажбурий қилиб қўйди. Ўзбекистон эса ўз фуқаролиги нархини оширмоқчи. Нақ 1 млн доллар. Экспертлар давлатларнинг фуқаролик масаласидаги бу ўзгаришларини қандай баҳолайди?

“Бу ерда вазият бироз бошқача. Гап шундаки, Қозоғистонда меҳнат ва вақтинчалик мигрантларнинг бўлиши билан боғлиқ муаммолар йўқ. Қозоғистонда ҳозир фақатгина мамлакат фуқаролигини олиш масаласи бўйича ўзгаришлар киритилиши муҳокама қилинмоқда. Бунинг учун қозоқ тили бўйича имтиҳондан ўтиш талаби қўйилиши тахмин қилинмоқда. Умуман олганда, бу тушунарли ҳолат. Чунки, қозоқ тили давлат тили ҳисобланади. Янги фуқаро шу мамлакатдаги  ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунлар қайси тилда амалга оширилаётган бўлса, ўша тилни яхши билиши керак. 

Мигрантлар билан боғлиқ эса ҳеч қандай мураккаб вазиятлар йўқ. Худди Ўзбекистон ва Қирғизистон каби Қозоғистон ҳам мигрантлар билан ишлаш бўйича ўз тажрибасига эга ва уларнинг хавфсизлиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширган. Одамлар максимал даражада тез ва қулай кириб келиши ҳамда юридик мақом эга бўлиши учун барча шароитлар мавжуд, яъни солиқ ҳақидаги ҳужжатларни расмийлаштириш, мамлакатда бўлиш вақтини рўйхатдан ўтказиш ва шу кабилар. Қозоғистон ҳам бу борада Ўзбекистон қандай иш тутаётган бўлса, худди шундай қилмоқда. Биз ҳам мигрантлар, ҳам ўзимизнинг жамият билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз”, дея Қозоғистондаги фуқаролик масаласини тушунтирди қозоғистонлик эксперт Рустам Бурнашев.

Қизиғи, мазкур альянснинг асосий координатори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳисобланади. Форумни ҳам айнан Сенат раисининг бииринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг шахсан ўзи очиб берди. 

Хўш, Ўзбекистоннинг энг йирик давлат органи бор жойда мустақил экспертлар альянси қай даражада мустақил бўла олади?
 

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 116
Рейтинг: 3
t
×