Мусодара қилинган товарлар масъуллар чўнтагига кирадими?

Бизнес

Божхона мусодараси – бу ибора авваллари қулоғингизга чалинган, эҳтимол. Аммо ҳамма ҳам давлат чегараларида айрим товарлар нима учун олиб қўйилиши ва олиб улар нима қилинишини билмайди. Ҳозир тушунтириб берамиз.

Чегарадан олиб ўтилаётган товар – алмаштириб қўйилган, қалбакилаштирилган ва яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товар (дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат маиший кимё товарлари, таҳр.) мусодара қилинади. Мусодара қилинган товарлар эса давлат даромадига ўтказилиши, сотилиши, эгасига қайтариб берилиши ёки йўқ қилиниши мумкин.

“Божхона органлари томонидан 2022 йил давомида ана шундай 17 мингдан ошиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 845 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний муомаласи аниқланган ва вақтинча сақловга олинган. Айнан шу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 963 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган. 2023 йилнинг 4 ойи давомида содир этилган 6565 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 336 млрд сўмлик товарлар олиб қўйилган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 316 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган”, деди Божхона қўмитаси катта инспектори Дилшодбек Мақсудов.

Шунингдек, давлат чегараларидан ноқонуний тарзда товар моддий бойликларини олиб ўтаётган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача ва мансабдор шахсларга эса 7 баравардан 10 бараваргача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан кўриб чиқилади. Суд қарорлари ёки бошқа давлат органларининг қарорлари ижросини таъминлаш эса Мажбурий ижро бюроларининг (МИБ) вазифасига киради. Шундан келиб чиқиб бюро органлари ўзига юклатилган вазифани – мусодара ва йўқ қилиниши белгиланган товар маҳсулотлари бўйича суд қарорлари ижросини таъминлайди. 

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (кейинги ўринларда қарор – таҳр.) билан тасдиқланган “Давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тўғрисида”ги низом (кейинги ўринларда низом – таҳр.) талаблари асосида қўлга олинган товар-моддий бойликлари ушланган вақтдан бошлаб то уни мусодара қилиш, эгасига қайтариш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлашгача бўлган вақтда тартибга солинади. Бунда ушланган товар-моддий бойликлари ушланган пайтдан бошлаб жараёнга киришади. Бунда орган мансабдор шахси томонидан далолатнома ёки баённома тузилади. Унда товар-моддий бойлигининг сони, тахминий нархи, унинг хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Шундан сўнг дарҳол баҳолатиш чоралари кўрилади. Баҳоловчи ташкилот, молия органлари, давлат солиқ идоралари иштирокида мол-мулкни баҳолаш амалга оширилади”, деди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани МИБ ходими Дониёр Йўлдошев.

Бунда товар ҳолати тез ўзгарадиган товарлар турига кирса, бу жараён 1 сутка ичида амалга оширилиши керак. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари шулар жумласидан.

“Божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқсизлигини аниқлаш мақсадида ҳуқуқбузарлик фош қилинган пайтнинг ўзида мол-мулкнинг яроқлилигини аниқлаш бўйича экспертиза қарори тайинланади. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология хизматига юборилади. Айнан улар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқли ёки яроқли эмаслиги бўйича экспертиза хулосаси тақдим этилади”, деди Божхона қўмитаси катта инспектори Дилшодбек Мақсудов.

Олиб қўйилган товарларнинг тақдири маъмурий ёки жиноий иш жараёни доирасида ҳал этилади. Бунда олиб қўйилган мол-мулк, қоидага кўра, сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига берилади.

Низомда мажбурий тарзда йўқ қилиниши белгиланган товар моддий бойликлари рўйхати кўрсатиб ўтилган.

“Этиль спирти (озиқ-овқат спирти), алкоголли маҳсулотлар ва пиво, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, экспертиза хулосасига кўра бевосита истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсиз деб тан олинган озиқ-овқат товарлари ва бошқа товарлар, мажбурий сертификатлаш керак бўлган, сертификатлаш органининг хулосаси билан стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмас деб эътироф этилган маҳсулотлар, асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари (ҳуқуқ эгасининг илтимоси бўйича уларга берилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек, контрафакт асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларини тайёрлаш ва такрорлаш учун фойдаланадиган асбоб-ускуналар”, дея рўйхатни санаб ўтди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани мажбурий ижро бюроси ходими Дониёр Йўлдошев.

Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарори талабларига жавоб берган, экспертиза хулосаларида йўқ қилиниши белгиланмаган товар-моддий бойликлари суд қарори билан давлат даромадига ўтказилади. 

Масалан, 2023 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида Мажбурий ижро бюросининг биргина Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан қарийб 1 млрд 750 миллионлик товар моддий бойликлари ва пул маблағлари давлат даромадига ўтказилган. 

Мусодара қилинган товарларни реализация қилиш эса жуда мураккаб жараён. Хўш, бу вақтда мусодара қилиниб, олиб қўйилган товарлар масъуллар томонидан алмаштириб қўйилмайдими? Улар товарларни ҳақиқатдан ҳам йўқ қиладими ёки чўнтагига уриб қоладими?

“Бундай ҳолатлар кузатилган бўлиши мумкин. Мен ўз тажрибам давомида ҳеч дуч келмаганман, бироқ шундай ҳолатлар ҳақида эшитганман. Сақловчи ташкилот томонидан ёки бошқача тарзда сақловга жавобгар шахс томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари амалга оширилган бўлиши мумкин. Бундай вазиятда мансабдор шахсга қонуний чора кўриш учун тегишли материаллар судга юборилади. Лекин аслига Вазирлар Маҳкамасининг биз юқорида тилга олган қарори асосида тасдиқланган низом талабларига кўра, МИБ, ноқонуний товарни ушлаган орган ҳамда савдо ташкилотларига ҳаттоки давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотиб олиш ҳам тақиқланади. Шунингдек, ушбу мол-мулкни қонуний тарзда ўша савдо нуқталаридан бориб ўзимиз харид қилишимиз ҳам мумкин эмас. Аукцион савдоларида қатнашишимиз ҳам қонун ҳужжатларида қатъий таъқиқланган. Йўқ қилиш тадбирларида товарларни йўқ қилишдан олдин барча мол-мулк давлат ижрочиси, холислар, ушлаган орган, сақловчи орган, табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул бўлган орган, санитария ва эпидемиология давлат муассасаси ва бошқа ташкилотлар иштирокида саноқдан ўтказилади. Саноқдан тўғри чиққандан кейингина товарлар йўқ қилинади”, деди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани МИБ ходими Дониёр Йўлдошев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг