“Муносабатларимизнинг “архитектори” Шавкат Миромонович”. Раҳмон ва Мирзиёев Хўжандда нутқ сўзлади

Жамият 2571
image

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлиб турибди. Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан биргаликда Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройига ташриф буюрди. Бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабарига кўра, Тожикистон пешвоси Имомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлаган.

“Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва “архитектори” ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев”,  дейди Имомали Раҳмон.

Шунингдек, кейинги йилларда давлат чегараларида 17 та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилган.

Шавкат Мирзиёев йиғилганларга чуқур ҳурматини билдириб, халқларимиз ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади. 

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қарор топган яхши қўшничилик ва абадий дўстлик туфайли биз улкан натижаларга эришмоқдамиз. Албатта, бундай ютуқларга эришишда Сиз, азизларнинг, икки мамлакат жамоатчилиги ва зиёлиларининг беқиёс ҳиссаси борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти ташрифининг муҳим қисми Хўжанд шаҳрида ўтаётгани бежиз эмас. Бу қадимий шаҳар ўзбек ва тожик халқлари учун бирдек қадрли. У асрлар давомида Буюк Ипак йўлидаги марказлардан бири бўлиб, минтақа маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган.

Хабарда ёзилишича, “душманга қарши елкама-елка курашган буюк саркардалар — хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ва Хўжанднинг шонли фарзанди Темур Малик жасорати халқлар хотирасида муҳрланиб қолган”. Кейинчалик темурийлар, шайбонийлар ва хонликлар даврида ҳам Хўжанд муҳим қўрғон бўлган, ривожланган.

Учрашувда дунё шиддат билан ўзгараётгани, минтақада ҳам хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келаётгани қайд этилди.

“Биз тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик каби буюк неъматларни алоҳида қадрлашимиз ва мустаҳкамлашимиз, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини тарбиялашимиз керак. Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсаккина, халқларимиз учун тинчлик ва хотиржамликни, келгуси авлодларга фаровон ҳаётни таъминлашдек умумий мақсадга эришишимиз мумкин. Ишончим комилки, сиз, ижодий ва илмий соҳаларнинг ҳурматли вакиллари, ўзингизнинг бой билим ва ҳаётий тажрибангиз, ташаббускорлик ва ғайратингиз билан халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшасиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Шунингдек, етакчилар “Арбоб” маданият саройини кўздан кечирдилар. Ушбу мажмуа 1959 йилда барпо этилган. У тожик халқи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бу ерда мамлакат мустақиллигига доир муҳим қарорлар қабул қилинган. Бу ерда 1992 йилда — Тожикистон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада Имомали Раҳмон давлат раҳбари лавозимига киришган.

 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3.2
t
×