Мўғулларнинг Хоразмга босқини сабабчиси ким ёхуд Чингизхоннинг Худога ноласи (2- қисм)
Таҳлил
−
21 Июль 2021
50211Куни кеча эълон қилинган “Хоразмшоҳлар давлатининг қулаши ёхуд Чингизхон дипломатик ҳийласи”, номли мақоламизда Мўғул хоқони ва султон Аловиддин ўртасида юзага келган ўзаро низо ҳақида маълумот берган эдик. Галдаги тарихий фактларга асосланган мақоламизда мўғулларнинг Хоразмшоҳлар давлатига қилган босқинчилик юриши ҳақида сўз юритамиз.
Ўтрор фожиаси
Ўтрорда содир бўлган воқеа ҳақида тарихчилар ўртасида турли қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ тарихчилар қирғин Туркон Хотун томонидан уюштирилган дейишади. Ўтрор ҳокими Иналхон карвондагиларни жосусликда айблаб уларни ҳибсга олади. Карвонда мўғул савдогарлари ҳам бўлиб, уларнинг айримлари, ҳатто, Чингизхонга яқин қариндош бўлган. Иналхон карвондаги барчани қатл этиш ва мол-мулкларини мусодара қилиш учун султон Аловиддиндан изн сўраб, чопар йўллайди. Хоразмшоҳ Муҳаммад бунга розилик беради. Шу тариқа ўртадаги аҳдга вафо қилинмай 500 га яқин киши тиғдан ўтказилади. Фақат биргина туякаш бундан омон қолиб, бўлган воқеани Чингизхонга айтиб беради.
Карвондаги мўғул савдогарлари жосус бўлган бўлиши мумкин. Лекин бундай хол Хоразм томонидан мўғул юртига юборилган савдо карвонида ҳам бўлгани табиий. Ҳар икки томон ҳам бир-бирларининг ҳарбий тайёргарликлари ҳақида маълумот тўплашга ҳаракат қилишган.
Ўтрордаги қирғинни эшитган Чингизхон, тарихий китобларда ёзилишича, қаттиқ ғазабдан йиғлаб юборган. Тарихчи Насавийнинг маълумот беришича, Чингизхон бу воқеалардан таъсирланиб, уч кун ўз хонасига қамалиб, шундай нола қилган экан.
“Эй Худо, ўзинг гувоҳ сан, мен Аловиддинга тинч қўшничилик, осойишталикни таклиф этаётирман. У ҳар гал таклифимга катта жиноят – одам ўлдириш билан жавоб қилмоқда. Хоразмшоҳнинг улкан давлати, лашкари ва тарих олдида менинг гуноҳим йўқ. Урушни у бошлади. Мен ўзимни, қон ва жон бериб яратган давлатимни, халқларимни ҳимоя қилишга мажбурман”.
Чингизхон юборган элчининг ўлдирилиши
Мўғул хоқони Хоразмшоҳ Муҳаммад ҳузурига Ибн Карфаж Буғрони (унинг отаси султон Такашнинг амирларидан бири бўлган) ва икки татарни элчи қилиб юборади.
Шаҳобиддин Ан-Насавийнинг берган маълумотларига қараганда, Чингизхон султон Аловиддинга қуйидаги мазмунда мактуб йўллаган:
“Сен савдогарларнинг бехавф-хатар бўлмоғини, уларга ҳеч ким ҳужум қилмаслигини ёзиб, ўз қўлинг билан имзолаган ваъдани берган эдинг. Лекин хиёнаткорона йўл тутдинг ва сўзингни буздинг. Бу ишни Ислом султони томонидан қилингани яна ҳам ёмондир. Иналхон қилган иш сенинг амринг билан бўлмаганини тасдиқласанг, у ҳолда Иналхонни тутиб бер, токи биз уни жазолайлик. Акс ҳолда, энг азиз қалбларни ларзон қиладиган ва найзаларнинг сопи синадиган уруш бўлади”.
Бу мактубдан ғазабланган Хоразмшоҳ элчи Карфаж Буғрони қатл этишга буйруқ беради. Унинг икки ҳамроҳини эса соқоли ва сочини қирдириб ортга жўнатиб юборади. Бу воқеадан сўнг, Чингизхон билан Хоразмшоҳ Муҳаммад ўртасида тўқнашув бўлиши аниқ эди. Хуллас, султон Аловиддин ўзининг узоқни кўра билмаслиги ва калтабин сиёсати туфайли икки ўртада бошланган урушнинг айбдори сифатида тарихга киради.
Чингизхонинг Қорахитой томон юриш қилиши
Мўғул хоқони Хоразмшоҳ Муҳаммадга қарши уруш қилишга тайёргарлик кўради. У энг аввало, эски душмани Кучлуқхон ҳокимлик қилаётган Қорахитойни босиб олишга қарор қилади. Бу юриш Чингизхоннинг фикрича, келажакда бўладиган урушда мўғул лашкарининг сўл қаноти хавфсизлигини таъминлар эди. Бунинг учун Чингизхон Жўжи бошчилигида 20 минг кишилик қўшин жўнатади.
Кучлуқхон мусулмонларни зўрлаб, Ислом динидан қайтаришга уринган. Қуръон ва шариатга амал қилганларни аёвсиз жазолаган. Азон айтиб, намозга чақиришларни тақиқлаган. Мусулмон дин пешволарини зиндонларга ташлаб, мадраса деворларига осган. Мана шу жойда Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг муносабати одамни ҳайрон қолдиради. Шундоққина ёнгинасида мусулмонлар азият чекаётган бир вақтда султон Аловиддин халифа Ан-Носирга қарши юриш билан банд эди.
Мўғул қўшини Қорахитой ҳудудини эгаллаётганидан хабар топган султон Аловиддин дарҳол Самарқанддан катта қўшин билан йўлга тушади. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзилишича, мўғул лашкарига Жўчи бошчилик қилган. Жўчи ўз лашкарига Хоразмшоҳ Муҳаммадга қарши жанг қилмасдан, ортга чекинишни буюради. У султон Аловиддинга дўстона муносабатда бўлиб шундай дейди:
“Эй шаҳриёр, ёшлик этиб, муллага ишониб комронлик қилмагин. Эй шаҳриёр, дилимизни ғамга солма, ўз жонингга қасдимизни қўзғама. Чингизхон бу диёрга бизни бошқа иш билан жўнатган. Лашкарпаноҳ, у шоҳдан сен билан уришмоқ ижозатини олмаганмиз”, деган. Бу гаплардан Хоразмшоҳ Муҳаммад ғазабга келиб, “Агар Чингизхон сенга мен билан жанг қилмасликни буюрган бўлса, Худо менга сенга ҳужум қилишни буюряпти ва мен бутпарастларни қириб ташлаб, унинг меҳрини қозонмоқчиман”, деб жавоб беради.
Жанг қилишга мажбур этилган мўғуллар оз сонли бўлсалар-да, мардонавор жанг қиладилар. Бу жангда султон Аловиддин ўзининг 20 минг аскаридан айрилади. Баъзи тарихий манбаларда жанг вақтида Хоразмшоҳ Муҳаммад бир четга чодир қуриб, ош еб ўтиргани айтилади. Тўқнашувда султон Аловиддиннинг ўзи яраланиб, мўғул лашкарининг қуршовида қолиб кетади. Фақатгина султон Жалолиддиннинг ўз вақтида етиб келиши, султон Аловиддинни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолади. Мўғуллар билан кечган жанг Хоразмшоҳ Муҳаммадда жуда катта таассурот қолдиради. У ўз яқинларига “мен бундай ажойиб қўшинни кўрган эмасман”, деган экан. Чингизхоннинг ўғли Жўчи ҳам жанг майдонида Жалолиддин Мангубердининг арслондек от суришига қойил қолиб, отасига сўзлаб бергани ҳақида тарихий маълумотлар учрайди.
Қорахитойни ўз давлати таркибига қўшиб олган Чингизхон 1218 йилда ҳарбий қурултой чақиради. Қурултойда муҳокама қилинган асосий масала Хоразм давлатига қилинадиган бўлажак юришга тайёргарлик кўришдан иборат эди.
Султон Муҳаммаднинг бўлажак урушга тайёргарлик кўриши
1218 йил Хоразмшоҳ саройида улкан ҳарбий машварат чақирилади. Унда Чингизхоннинг ҳужумига нисбатан кўрилажак чора масаласи муҳокама қилинади. Мамлакатнинг энг обрўли ва эътиборли оқсоқоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирадилар. Жумладан саройнинг нуфузли арбобларидан бири Шаҳобиддин Ал-Хивақий давлатнинг барча лашкарини Сайҳун (Сирдарё) яқинига тўплаб, ҳолдан тойган мўғул қўшинига фавқулодда ҳужум қилишни таклиф этади. Шаҳзода Жалолиддин бўлса умуман бошланажак урушнинг олдини олишни маслаҳат бериб, низонинг келиб чиқишига асосий сабабчи бўлган Иналхонни Чингизхонга топширишни айтади. Лекин, Хоразмшоҳ бунга рози бўлмайди. Шунда Жалолиддин бошқа бир таклифни ўртага ташлайди. Унга кўра, Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ва Араб юртларининг барча лашкар кучларини Бухоро яқинидаги бир ерга жамлаб, душман билан саҳрода очиқ жанг қилиш керак эди. Аммо, Хоразмшоҳ Муҳаммад қўшин бир ерга жамлашдан қўрқади. Шу сабабли мудофаа тактикасини танлаган. Баъзи тарихчилар султон Аловиддин Чингизхон мамлакатни бир муддат талон-торож қилиб, сўнг ортига қайтиб кетади, деб ўйлаган. Шунинг учун Хоразмшоҳ Муҳаммад мудофаа тактикасини танлаган, дея таъкидлашади.
Султон Аловиддин лашкари Чингизхонникидан бир неча баробар ортиқ бўлган. Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзишича, Хоразмшоҳ қўшини 400 мингдан кам бўлмаган. Бошқа адабиётларда бўлса, султоннинг қўшини 450 минг экани таъкидланган. Бироқ Хоразмшоҳ ўз саркардаларига, айниқса, қипчоқларга ишончсизлик билан қараган.
Чингизхон тузган режа
1219 йилнинг охирида Чингизхон Хоразмшоҳ Муҳаммадга қарши уруш ҳаракатларини бошлаб юборади. Бу пайтда мўғул қўшинининг умумий сони тўғрисида адабиётларда турлича маълумотлар учрайди. Жумладан, Михаил Иванин мўғул жангчилари 250 мингдан ошмас эди деса, бошқа манбаларда Чингизхоннинг лашкари 200 минг киши бўлганлиги таъкидланган.
Чингизхон Иртиш қирғоқларидан то Сайҳун (Сирдарё) соҳилларигача бўлган ҳаракати давомида ҳеч қандай қаршиликка дуч келмайди. Ҳужумнинг дастлабки зарбаси Ўтрор қалъасига қаратилган эди. Мўғул хоқони Хоразм давлатини тезроқ забт этиш мақсадида ўз лашкарини тўрт қисимга бўлиб, тўрт йўналиш бўйича ялпи ҳужумга ўтади. Чингизхон ўғиллари Чиғатой ва Ўқтойга 100 минглик қўшин қолдириб Ўтрор шаҳрини қамал қилишни буюради. Кенжа ўғли Жўчини иккинчи лашкарга бош қилиб, унга Сирдарё этакларидаги Синғоқ, Ўзган, Жанд, Янгикент ва бошқа шаҳарларни босиб олишни топширади. Учинчи қисмга Олоқнўён ва Сукету Чебри исмли саркардаларни қўмондон этиб тайинлайди. Уларнинг вазифаси Сирдарёнинг юқори қисмида жойлашган Бинокат ва Хўжанд шаҳарларини эгаллашдан иборат эди. Чингизхоннинг ўзи эса кичик ўғли Тулухон билан биргаликда ёрдамга келаётган душман лашкарининг йўлини тўсиш мақсадида Бухорога юриш қилади.
Ўтрор қамали
Султон Аловиддин Ўтрор мудофааси учун катта куч ажратади. Қамал арафасида Қорача Ҳожиб қўмондонлигида 10 минг қўшин Ўтрорга юборилади. Жувайнийнинг маълумотларига кўра, бундан ташқари, Хоразмшоҳ Муҳаммад “Лашкари Бирун” деб аталган 50 минг кишилик лашкар жўнатган. Ўтрор шаҳрининг ўзида тахминларга кўра 100 минглик қўшин бўлган.
Мўғул қўшини Ўтрор шаҳрини олти ой қамал қилади. Аммо юқори мансаб ва лавозимларни эгаллаб турган Баҳриддин Амид, Сафий Акра Ҳожиб ва ёрдамга юборилган Қорача Ҳожиб ўз қўшини билан сотқинлик қилиб, душман тарафига ўтиб кетадилар. Бунинг оқибатида, олти ойлик қамалдан сўнг мўғуллар шаҳарни эгаллаб оладилар. Чингизхон ўз юртига сотқинлик қилган Баҳриддин Амид, Сафий Акра Ҳожиб ва Қорача Ҳожибларга қараб “Сизлар нима ейсизлар”, деб сўрайди. “Бизлар ердан ўсиб чиққан гиёҳ-у меваларни еймиз”, дея жавоб беришади. Мўғул хоқони бироз ўйланиб, “Мол ердан ўсиб чиққан ўтни ейди, ўт ейдиган молни биз еймиз. Булар ўт еса, мол экан! Буларни молдек сўйиб ташлай беринглар”, деб фармон беради.
Ўтрор қамал вақтида Иналхон алоҳида жасорат кўрсатади. Шаҳар таслим бўлганида, шаҳар ҳокими ўз лашкари билан аркка қамалиб, бир ой давомида мўғулларга қаршилик кўрсатган. Чингизхон қўшинига Иналхонни тириклайин қўлга олишни буюради. Тириклигича қўлга олинган шаҳар ҳокими хоқоннинг ҳузурига жўнатилади. Тарихчи Ан-Насавийнинг ёзишича, Чингизхон кумушни эритиб, Иналхоннинг кўзи ва қулоғига қуйдирган экан. Бошқа манбаларда эса шаҳар ҳокимининг оёқ-қўли боғланиб, ерга ётқизилган. Сўнгра мўғул қўшини унинг устидан юриб ўтгани таъкидланган.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзилади:
“Мўғуллар Ўтрорнинг бутун аҳолисини саҳрога ҳайдаб чиқдилар. Ўтрор ҳисорини қўлга киритиб, ер билан баробар қилдилар. Тирик қолганлардан, раият ва ҳунармандларнинг баъзиларини ҳибсга олдилар, баъзиларини эса қул қилиб ҳайдадилар”.
Бухоро қамали
Бухоро томон кетаётган Чингизхон Зарнуқ ва Нур қалъаларини жангсиз қўлга киритади. Мўғул қўшини 1220 йилнинг февраль ойида “Ислом дини гумбази” номини олган Бухоро шаҳрига етиб келади. XIII аср бошларида яшаб ўтган форс тарихчиси шаҳар ҳимоячиларининг сонини 12 минг кишидан ошмас эди, деб ёзган. Тарихчи Жувайни эса 20 минг деган маълумотни беради. Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида “30 минг киши Бухоро мудофааси учун тайинланган”, деб таъкидлаган.
Бухоро қамали 12 кеча-ю кундуз давом этади. Қалъадаги чуқурлар жасадларга тўлиб кетади. Мўғуллар ёндирилган, кули кўкка совурилган шаҳарни эгаллагач, кўнгилларига келган номаъқулчиликларни амалга оширадилар. Шаҳар ҳимоячилари бутунлай қириб ташланади.
Тарихчи Рашиддин шундай ёзади:
“Чингизхон отда масжиди жоме олдига келиб тўхтади ва шаҳарнинг казо-казоларини ўз ҳузурига чақиртирди. Мўғуллар шаҳар омборхоналарини очиб, ғаллаларни ташиб олдилар. Қуръон нусхалари сақланадиган сандиқларни отларга охур қилдилар, масжидларга мешларда шароб келтириб жойлаб қўйдилар, шаҳар ҳофизлари ва ўйинчиларини чорлаб, рақсга туширдилар. Мўғуллар дол-ғулига келтириб, ўз ашулаларини айтар эдилар. Оқсуяклар, уламолар ва шайхлар отбоқарлар ўрнида отларни қўриқлашар эди”.
Бухоронинг талон-тарож этилиши хусусида Ибн Аттор шундай ёзган эди:
“Ул кун ҳақиқатда даҳшатли кун бўлди. Бори мангуга кетган эрларининг хотинлари, болаларнинг товушларигина эшитилиб турди. Ваҳшийлар хотинларни, қизларни ўзларининг биродарлари кўз олдида таҳқирладилар. Бу таҳқирларга уларда кўз ёшларидан ўзга қурол топилмади. Кўплар даҳшатли манзаралардан кўра ўлимни ортиқ кўрдилар. Қози Бадриддин, Имом Рукниддин ва унинг ўғли бу номуссизлик манзараларига чидай олмай, ғазабланиб, ўзлари тенг бўлмаган душманга ҳужум қилиб, ҳалокат топдилар”.
Самарқанд мўғуллар томонидан эгалланиши
Бухоро шаҳрини эгаллаган Чингизхон Самарқанд томон йўл олади. У 1220 йилнинг март ойида Самарқандга етиб келади. Мўғул хоқони шаҳарни эгаллаш учун алоҳида эътибор қаратиб, аввало ён-атрофдаги қишлоқларни бирма-бир босиб олади. Чингизхон ўз қўшинини шаҳардан узоқроққа жойлаштиради. Бу ҳарбий ҳийла бўлиб, мақсад Самарқанд ҳимоячиларига ўз лашкарининг сонини кўп қилиб кўрсатиш эди. Шаҳар ташқи алоқадан узиб қўйилгач, Чингизхон ўз қўшинига ҳужумга ўтишни буюради.
Самарқанд шаҳрида 110 минглик қўшин бўлиб, 20 та жанговар фил ҳам бор эди. Шаҳар озиқ-овқат захираси, мудофаа истеҳкомларининг пухталиги жиҳатидан бир неча йиллик қамалга ҳам чидаши мумкин эди. Ўз қароргоҳини мўғуллар босқини бошланиши биланоқ Балхга кўчирган султон Муҳаммад ҳам Самарқанд мудофаасига умид кўзи билан боқар эди.
Қамал вақтида Тоғайхон бошчилигидаги турк саркардалари катта хатога қўядилар. Улар мўғуллар бизни ўз миллатдошларидек қабул қиладилар, деган хомхаёлга берилиб, 30 минглик қўшин билан Чингизхон томонга ўтишни ихтиёр этадилар. Бу таклифни мўғул хоқони айёрлик билан қабул қилади. Қамалнинг бешинчи куни шаҳар қозиси ва шайхулисломи Чингизхонга вакил юбориб, 1220 йилнинг 16 март куни Самарқанд дарвозасини душманга очиб беришади. Шаҳарда оммавий қирғин бошланади. Қози билан шайхулисломга ўз одамлари билан четга чиқиб турушга рухсат берилади. Самарқанд талон-тарож этилгач бир кундан сўнг, Тўғайхон ва унинг 30 минглик қўшини тунда қириб ташланади.
Мўғуллар Самарқанднинг бош сув омбори “Жузи арзис”ни бузиб ташлаб, шаҳар аҳолисини сувсиз қолдирадилар. Чингизхон Самарқанд шаҳрида 30 мингга яқин ҳунарманд ва рассомларни асирликка олади. Уларни ўз фарзандлари, хотинлари, қўшин бошлиқлари ва қариндошларига хизматкорликка бўлиб беради. Тарихий манбаларда ёзилишича шаҳар қозиси ва шайхулисломи самарқандлик 5 минг кишини 200 минг олтин танга товон тўлаш эвазига шаҳарга қайтариб олиб келган экан. Шу тариқа Хоразмшоҳлар давлатининг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Самарқанд мўғуллар томонидан кули кўкка соврилади. Ўша вақтда Чингизхоннинг хизматида бўлган хитойлик Чан Чуннинг ёзишича, мўғуллар босқинидан сўнг шаҳарда илгари бўлган аҳолининг чорак қисми омон қолган экан.
Самарқанд ҳам вайрон бўлганлигини эшитган Хоразмшоҳ Муҳаммад батамом умидсизликка тушиб, давлат ишларидан умуман узоқлашади. Султон Аловиддин бир кишини Хоразмга жўнатиб, онаси Туркон Хотунга хотинлари ва болалар билан барча хазиналарни олиб, Мозандаронга кетиши лозимлигини айтади. Султон Аловиддин ўз вазирлари ва лашкарбошилари билан давлатни ҳалокатдан қутқариш тўғрисида маслаҳатлашади. Саркардаларнинг бир қисми ҳозир Мовароуннаҳрни ҳимоя қилиш пайти эмаслигини айтиб, Хуросон ва Ироқни ҳимоя қилишга диққат қаратиш лозимлигини маслаҳат берадилар. Бошқа сарой амалдорлари эса барча қўшинни Ғазнада тўплаб, шу ерда душманга қарши жанг қилиш ва зарурат бўлсагина Ҳиндистонга чекинишни таклиф қиладилар. Хоразмшоҳ Муҳаммад Ироққа чекинишни маъқул кўради. Султон Жалолиддин отасининг бу қарорини эшитиб шундай дейди:
“Агар султон Ироққа кетадиган бўлса, лашкарини менга қолдирсин. Мен эса Жайҳун (Амударё) бўйида тургум. Дарёнинг у томонини мўғуллар эгаллайдиган бўлса, бу томонга ўтказмаймен, монелик қилурмен. Энг тўғри йўл шул. Кетиб Жайҳун томонга чодир тикаман, душманлар жонига қасд қилурмен. Бу сипоҳ билан у ерга етсам, дарёнинг у томонига ғаним бормагай”.
Лекин бу гаплар Хоразмшоҳ Муҳаммаднинг қулоғига кирмайди. У Каспий денгизининг Ашур оролига бориб яширинади ва ўша ерда плеврит (ўпкага сув йиғилиши) касаллигига дучор бўлади. Ўлими яқинлашганини сезган султон Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, султон Жалолиддиннинг белига қилич тақиб, уни тахт вориси деб эълон қилади. Шундан сўнг, Хоразмшоҳ Муҳаммад 1220 йилнинг декабрь ойида вафот этади.
Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзади.
“Қанча уринишмасин Хоразмшоҳга кафан топа олмадилар, сўнг султон Аловиддинни ўзи кийиб юрган кийимида дафн қилдилар”.
1221 йилнинг бошида тахт вориси деб эълон қилинган Жалолиддин шаҳзодалар Оқшоҳ, Ўзлоқшоҳлар билан Урганчга келади. Лекин Урганчдаги сиёсий вазият, Жалолиддинни шаҳар мудофаасига бош бўлиш фикридан қайтаради. Қипчоқлар уни ҳокимият тепасига келишини хоҳламас эдилар. Собиқ Жанд ноиби Қутлуғхон тунда султонга қарши суиқасд уйиштиради. Тирик қолган Жалолиддин Темур Малик билан биргаликда 300 та содиқ навкари билан шаҳарни тарк этиб, Хуросонга йўл олади. У ерда куч тўплаб, мўғулларга қарши озодлик курашини олиб боради.
Кейинги мақоламизда султон Жалолиддин ва Темур Маликнинг биргаликда мўғул босқинчилигига қарши кураши ҳақида маълумот берамиз.
Сардор Али Нурматов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь