Муаммога айланган “перевод”. Бўлажак шифокорлар ССВдан нега норози?
Жамият
−
08 Октябрь 2021
8413QALAMPIR.UZ таҳририятига бир гуруҳ талаба ва фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги республика тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўқишини кўчириш ва тиклаш масаласи ҳали ҳамон ҳал бўлмаган. Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомда белгиланган охирги муддат, яъни 30 август ўтиб кетганига бир ойдан ошган бўлса-да, ҳанузгача талабалар ўқишини кўчириш ва тиклаш натижалари эълон қилинмаяпти.
Шунингдек, мурожаатчиларнинг таъкидлашича, тиббиёт ОТМларига ариза берган талабаларнинг сўровларига бугунги кунга қадар ССВ томонидан аниқ жавоб берилмаяпти. Бундан ташқари, ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи ҳам республика тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўқишини кўчириш ва тиклаш масаласи бўйича аниқ қарор нега кеч қолаётгани ҳақида расмий маълумот бермаган.
Бу ҳақда қонунчиликда нима дейилган?
Маълумки, олий таълим муассалари талабалари бошқа бир олий таълим муассасасига ёки ўша муассаса доирасида мос ва турдош йўналишлар ҳамда мос мутахассисликлар бўйича ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сонли қарори билан “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Ушбу Низомнинг 15-бандига кўра, ОТМлар талабаларининг ўқишини кўчириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:
• ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;
• аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.
Хусусан, талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда олий таълим муассасалари, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қарорлари асосида амалга оширилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ўқишни тиклаш мақсадида ариза топширган талабаларнинг билим олиши масаласи нима бўлади, олигоҳларда дарс бошланганига бир ойдан ошди. Ўқишини тиклай олмаган талабалар ўтказиб юборган дарс машғулотларини қандай ўзлаштиради? Бу масалаларни ССВ ўйлаб кўрганмикан?
Бундан ташқари, уларнинг тўлов-контракт масаласи нима бўлади, ваҳоланки контракт талабанинг тўлиқ ўқув йили учун тўланиди-ку? Вақтида ўқиши тикланмаётган талабаларга контракт тўловида вазирлик чегирма қилиб берармикан?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг мурожаати юзасидан изоҳ бериб, юқорида келтирилган саволларга жавоб беришини кутиб қоламиз.
LiveБарчаси