МРБ директори Москвада. АҚШ ва Россия разведкаси нимани муҳокама қилди? 

Олам

image

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс Москвада Россия расмийлари вакиллари билан киберхавфсизлик ва ушбу соҳада жиноятчиларга қарши курашиш заруриятини муҳокама қилди. Бу ҳақда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси ўринбосари Энн Нюбергер маълум қилди.

“Марказий разведка бошқармаси директори Бернс [Москвада] бир қатор мавзуларни, жумладан киберхавфсизликни, Россия билан давом этаётган маслаҳатлашувларимиз контекстида унинг ҳудудидан чиқаётган зарарли товламачи вирус-дастурларга қарши курашиш зарурлигини муҳокама қилди”, дейди у.

Фото: МРБ директори Уилям Бернс

Нюбергернинг сўзларига кўра, Вашингтон ва Москва киберхавфсизлик бўйича очиқ ва профессионал музокаралар олиб бормоқда, Америка томони эса Россия билан маълумот алмашмоқда. 

“Ушбу форматда самимий, профессионал, жуда тўғридан-тўғри мулоқот бўлиб ўтди, унинг давомида энг муҳим инфратузилма ҳақида батафсил ахборот берилди. Биз ҳам Россияга маълумот бердик ва бу унинг кейинги қадамлари бўйича синов бўлади”, дейди Нюбергер.

Шу билан бирга, Нюбергернинг сўзларига кўра, АҚШ нуқтаи назаридан Россия ҳукумати ўз ҳудудидан келиб чиқадиган кибермакондаги жиноий ҳаракатларга қарши тура олади.

Ўз навбатида, америкалик эксперт МРБ раҳбарининг Москвага ташрифи яхши тенденция, бироқ совуқ муносабатларнинг ҳосиласи эканини таъкидлаган.

“Қўшма Штатлар ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар шу қадар ёмонки, хавфсизлик ходимларининг учрашуви эътиборга лойиқ бўлиши мумкин, айниқса, Президент Путиннинг ўзи разведкада хизмат қилгани ва эҳтимол ушбу алоқа каналини қадрлашини ҳисобга олсак”, дейди Иен Эланд.

Киберхавфсизлик масаласи Россия ва АҚШ муносабатларида

Сўнгги ойларда кибермакондаги таҳдидлар мавзуси Америка Қўшма Штатларида долзарб мавзуга айланди. Жорий йилнинг май ойи бошида DarkSide гуруҳи ҳужумчилари Американинг “Colonial Pipeline” қувур линияси тизимига бузиб киришди. АҚШ разведка хизматлари маълумотларига кўра, DarkSide Россия Федерацияси ёки Шарқий Европа ҳудудида жойлашган бўлиши мумкин, аммо бу ҳукумат билан боғлиқ эмас. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг 31 май куни JBS гўштни қайта ишлаш компаниясининг Америка бўлими тармоғига ҳужум уюштирилди. Оқ уй матбуот хизматига кўра, компания ҳужум ортида (катта эҳтимол билан) Россияда жойлашган REvil жиноий ташкилоти турибди, деб ҳисобламоқда. ОАВ жорий йилнинг июль ойи бошида Kaseya IT-компаниясига қилинган ҳужумда ҳам худди шу гуруҳни айбламоқда. Лекин бундай айбловлар Россия томонидан мунтазам рад этиб келинади. Турли конференциялар доирасида Путин бундай айбловларни кулгига олади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг