Можароли Президент “Йил одами” деб топилди

Олам 5927
image
-

Американинг “Time” журнали ўқувчилари талқинига кўра, Бразилия Президенти Жаир Болсонару “2021 йил одами” деб топилди.

“2022 йилда президентликка қайта сайланишни ният қилган можароли раҳбарнинг иқтисодий чора-тадбирлари норозиликка дучор бўлмоқда, шунингдек, давлат раҳбари COVID-19 ни у қадар жиддий қабул қилмагани ва вакциналарга шубҳа билан қарагани учун сиёсатчилар, судлар ва тиббиёт соҳаси экспертларининг жиддий танқидига учрамоқда”, дея Болсонаруга таъриф берган “Time” таҳририяти.

Сўровномада қатнашган 9 миллион ўқувчидан 24 фоизи Жаир Болсонаруни ёқлаб овоз берган.

Кейинги ўринларда АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп 9 фоиз овоз билан иккинчи, тиббиёт мутахассислари 6,3 фоиз овоз билан учинчи, россиялик ҳуқуқшунос, коррупцияга қарши курашган Алексей Навальний 6 фоиз овоз билан тўртинчи ўринни банд қилган бўлса, COVID-19 га қарши вакциналарни ишлаб чиқарган олимлар 5,3 фоиз овоз билан рўйхатни якунлаб берди.

Яқинда Болсонару Бразилия Олий суди томонидан танқид қилинганди. Чунки у жорий йилнинг 24 октябрь куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида коронавирусга қарши эмланиш ОИТС билан касалланишга олиб келиши мумкинлиги ҳақида пост пайдо бўлгач, буни хакерлар ҳужуми эканини айтиб, ҳодиса юзасидан тергов бошлашни буюрганди. Хабар Президентнинг Facebook ва Instagram саҳифаларида эълон қилиниб, бир неча кун ўтиб ўчириб ташланган.

Бразилия Сенатининг октябрь ойидаги ҳисоботида Президентнинг пандемия даврида хато олиб борган сиёсати оқибатида 600 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани юзасидан бир нечта жиноий айбловлар қўйиш тавсия этилган. Болсонару барча айбловларни рад қилган.

Эслатиб ўтамиз, “Time” онлайн сўровномаси натижалари одатда таҳририят танлови билан бир хил бўлмайди. 2020 йилда ўқувчилар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга хизматларни кўрсатувчи ходимларни энг юқори баҳолаган, таҳририят эса ўша пайтда сайланган АҚШ Президенти Жо Байден ва вице-президент Камала Харрисни маъқуллаган.

“Time” нашри томонидан 2021 йилнинг “энг яхши одами” 13 декабрь куни эълон қилинади.

Достон Искандаров

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 3
t
×