Москвадаги қонли ҳужум айбланувчисининг чақалоғигача номаълум томонга олиб кетилди
Олам
−
28 Март
47464Москва яқинидаги қонли ҳужумда айбланаётганлардан бири Фаридун Шамсиддиннинг ота-онаси, укаси, хотини ва саккиз ойлик боласи номаълум томонга олиб кетилди. Бу ҳақда "Азия-Плюс" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Шамсиддиннинг уйи Ҳисор шаҳри Лойоби қишлоғида, Душанбедан 25 километр узоқликда жойлашган. Нашр мухбири 27 март куни ушбу манзил бўйича қишлоққа борганида, у ерда айбланувчи акасининг хотинидан бошқа ҳеч ким йўқлигига гувоҳ бўлган. Аммо аёл журналистлар билан гаплашишни истамаган.
"Кейин Шамсиддиннинг оиласи билан қўшни яшовчи қариндошининг рафиқаси (исмини айтишдан бош тортган) билан гаплашишга муваффақ бўлдик.
Унинг айтишича, Шамсиддиннинг барча қариндошларини олиб кетган “хизмат кийимидаги одамлар” катта эҳтимол билан Тожикистон ҳукумати ходимлари бўлган. Айбланувчининг қариндошлари 23 март куни олиб кетилган, бироқ уларнинг қаерда эканлиги айтилмаган", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Тожикистон ҳукумати бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаган.
"Озоди" ("Озодлик" радиосининг тожик хизмати) эса "25 март куни Тожикистон расмийлари Шамсиддиннинг яқинларини сўроқ қилиш учун олиб кетган"ини маълум қилган. ОАВ Шамсиддиннинг исмини ошкор қилишни истамаган қариндоши билан ҳам суҳбатлашган.
"Унинг хатти-ҳаракатларида шубҳали ҳеч нарса кўрмадик. У олти ой олдин Россияга бориб оиласига пул жўнатаётган эди", деган у.
Аммо айбланувчи уни теракт содир этиш учун ёллаган "ваъзхон"дан 500 минг рубль олганини тан олган. Шунга қарамай, айрим рус Telegram-каналлари Шамсиддиннинг электр токи билан қийноққа солинаётгани акс этган тасвирларни ҳам эълон қилган.
"Унинг юзлаб одамларни кўзини пирпиратмай отиб ташлагани ҳақидаги хабарни эшитиб ҳайратда қолдик. Ишонасизми, у мусичага ҳам озор бермас эди. Шу билан бирга жуда босиқ ва тортинчоқлигини ҳамма билади", деган "Озоди"га террорчиликда айбланаётган шахснинг қариндоши.
Маълумотларга кўра, Шамсиддиннинг Россияда ишлайдиган опаси ҳам депорт қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Москвадаги теракт иштирокчиси Telegram орқали ёлланганини тан олганди.
LiveБарчаси