Москвада қариялар ва масофадан ишловчилар учун чекловлар узайтирилди
Олам
−
26 Ноябрь 2020
2650Москвада 65 ёшдан ошган фуқаролар ва сурункали касаллиги бор одамлар учун тавсия этилган ўзини ўзи изоляция қилиш режими ҳамда корхона ходимларининг 30 фоизини масофадан ишлашга ўтказиш талаби 2021 йилнинг 15 январигача узайтирилди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин маълум қилган.
Шунингдек, шаҳардаги болалар учун дам олиш масканлари ҳам 15 январга қадар ёпиқ бўлади.
Аввалроқ, ўрнатилган чекловлар жорий йилнинг 29 ноябрига қадар амал қилади, деган тахминлар мавжуд бўлган.
"Биз ушбу режимда кейинги бир ярим ой давомида ҳам яшашимиз керак. Ҳатто, Янги йилни ҳам катта эҳтимол билан оилавий байрам сифатида – уй шароитида нишонлаймиз", дея огоҳлантирган шаҳар ҳокими.
У москваликларни "иложи борича эҳтиёт бўлишга ва соғлиғига кераксиз хавф туғдирмасликка" чақирган.
"Шундай қилиб, биз биргаликда пандемиянинг охирини яқинлаштирмоқдамиз", деган Собянин.
Собянин чекловларнинг кенгайишини ҳудудда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлигича қолаётгани билан изоҳлаган.
Унга кўра, 16-22 ноябрь кунларида вирус билан касалланганлар сони 2 фоизга, шифохонага ётқизилганлар сони 3 фоизга ошган.
“Октябрь ойи билан таққослаганда, касалланиш у қадар тез ўсмаган. Аммо касалланиш даражасининг пасайишига ўтиш тўғрисида гапиришга ҳали эрта. Соғлиқни сақлаш тизими ҳали ҳам “жуда оғир юк билан” ишламоқда. Бундай вазиятда мутахассислар қўшимча чекловлар керак эмаслигини, аммо амалдаги чекловларни бекор қилиш ҳам мумкин эмаслигини айтишмоқда”, деган шаҳар ҳокими.
25 ноябрь куни Москвада касалланишнинг кунлик ўсиши 4 минг 685 тани ташкил этган. 1 минг 648 нафар киши шифохонага ётқизилган. 73 нафар бемор вафот этган.
Бутун Россияда коронавирусга чалинганлар 2,19 млндан ошган. 38 минг 62 нафар бемор вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь