Москва метросида мусулмонлар учун намозхоналар очилиши мумкин
Олам
−
19 Ноябрь 2021
3499Москва мусулмонлари метро ва савдо марказларида беш вақт фарз намозни бошқа фуқароларни уялтирмасдан ўқишлари учун намозхоналар очишни хоҳлайди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мусулмонлари диний бошқармасидан Москва муфтийси, Москва жоме масжиди бош имом-хатиби Ильдар Аляутдинов таъкидлади.
“Ҳозир биз муассасаларда намозхоналар очмоқдамиз. Масалан, улар аэропортларда, ҳосписларда, баъзи тиббиёт марказларида очилди. Биз савдо марказлари билан ҳам музокаралар олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Интернетда диндорлар метрода намоз ўқиётганини кўряпмиз. Шунинг учун биз Москва метрополитени билан метрода намозхоналар очиш борасида музокаралар олиб бормоқдамиз”, дейди Аляутдинов.
Москва муфтийсининг таъкидлашича, жамоат жойларида намоз ўқиш “шаҳарда намозхонлар етарли эмаслигидан келиб чиқаётган мажбурликдир”.
“Эслатиш муҳим: одамлар метро ёки кўчаларда шунчаки намоз ўқимайди. Намоз мусулмон инсон ҳаётининг асосидир, бу мўмин қаерда бўлишидан қатъи назар, кунига беш марта бажариши керак бўлган мажбуриятдир. Намозларни қисқартириш фақат алоҳида ҳолатларда, масалан, саёҳат ёки касаллик пайтида бўлиши мумкин”, дея хулоса қилди Москва муфтийси.
Унинг сўзларига кўра, Россия пойтахтида тахминан 3-3,5 миллион мусулмон истиқомат қилади, улардан 2 миллиони маҳаллий аҳоли, қолганлари эса муҳожирлар, жами тўрттагина масжид бор. Москвада намозхоналар ҳам бор, аммо имомнинг таъкидлашича, намозхона маданият маркази ёки масжид ўрнини боса олмайди, чунки масжидда диндорлар “таълим ва тарбия олишлари” мумкин.
LiveБарчаси