Москва меҳнат муҳожирлари учун патент нархини оширади

Олам

image

2022 йилда Россия пойтахтида меҳнат қилувчи муҳожирларнинг патент нархи ошади. Бу ҳақда Москва мерининг сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, чет элликлар учун меҳнат патентининг нархи меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициентдан ҳисобланади. Москва ҳукумати вазири, шаҳарнинг иқтисодий сиёсат бошқармаси бошлиғи Кирилл Пуртовнинг сўзларига кўра, келгуси йилдан бошлаб коэффициент ортади.

“Қабул қилинган қонунга мувофиқ, 2022 йилда меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент 2,3878 дан 2,4832 гача оширилади. Бу патент нархини ойига 5900 рублгача оширади. Аввалги нарх – 5 341 рубль 2020 йилда белгиланган ва бу йил ҳам ўзгармади”, дейди Пуртов.

Қайд этилишича, патент қийматини индексация қилиш тўғрисидаги қарор меҳнат муҳожирларининг анъанавий тармоқлари – қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалигидаги маошлари оширилиши муносабати билан қабул қилинган: биринчи ярим йилликда улар 9,5 фоизга ошган.

Харажатларнинг ошиши хорижликлар учун солиқ юкини тенглаштиришга ва Россия меҳнат бозоридаги иш ўринларини ҳимоя қилишга ёрдам беради, дейилади ҳисоботда. Бундан ташқари, бу бюджетга қўшимча 1,7 миллиард рубль олиб келади.

Маълумот ўрнида, Россияда ишга жойлашиш учун патентлар 2015 йилда жорий этилган. Улар Россия Федерациясига визасиз кирадиган Украина, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун зарурдир.

Кирилл Пуртовга кўра, жорий йилнинг ўн ойида Москвада 528 минг патент берилган ва шахсий даромад солиғи кўринишидаги шаҳар бюджети тушумлари 16,2 миллиард рублни ташкил этган. Ўз навбатида, 2015 йилдан бери берилган меҳнат патентлари сони уч миллиондан ошди, бюджетга эса 107 миллиард рублдан ортиқ солиқ ўтказилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

331

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг