Монополияга қарши курашиш агентлиги “Узбекистан Аирпортс”га енгилдими?
Жамият
−
18 Февраль 2023
68812022 йилнинг 12 сентябрь куни “Uzbekistan Airports”га қарашли Тошкент аэропорти ҳудудида аукцион орқали ғолиб деб топилган “Bobur Diyor” МЧЖ такси хизмати иш бошлаганди. Унга кўра, “Taxi Airport Tashkent” стикерлари туширилган, юкхонага эга янги бензинли автомобиллар учиб келиш зали чиқишида турадиган бўлди.
Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси такси хизматининг ишга туширилишига изоҳ берар экан, бунинг сабаби сифатида аэропорт олдида таксиларнинг бетартиб фаолият юритишини кўрсатди.
Бироқ мазкур хизматни тартибли ташкиллаштиришда нима учун битта корхона танлангани жамоатчиликнинг кўплаб саволларига сабаб бўлмоқда.
“Uzbekistan Airports” ўтказган аукционда асосий талаб автомашиналарнинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмагани ва фақат бензинда ҳаракатланиши лозимлиги қайд этилган эди. Бу талабга бутун Тошкентда фақат битта компания жавоб берган бўлиши мумкинлиги эса ишониб бўлмас ҳолатдир. Бу йўналишда рақобатни таъминлаш мақсадида бир неча корхона танлангани маъқул эмасмиди?
QALAMPIR.UZ’нинг мазкур саволига 17 февраль куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева қуйидагича жавоб берди:
“Ҳа, тендер бўлиб ўтиб, унда бир қанча компаниялар қатнашди. Бизнинг қатъий талабларимиз бор эди. Автомобилларнинг тозалик ҳолати, улардаги ҳайдовчиларнинг хушмуомалалиги, тўловни нақд пул ва пластик карта орқали амалга ошириш мумкинлиги, таксида турли тарифлар жорий этилгани, масалан, “Комфорт”, “Бизнес”, “Люкс” ва “Премиум”, яъни одамларнинг талабига қараб такси чақириш мумкинлигини инобатга олдик”, деди Жўраева.
Унинг айтишича, аэропорт масъуллари такси масаласида Монополияга қарши курашиш агентлигини “енгган”.
“Антимонололия қўмитаси бу масалани кўриб чиқди. Биз ўзимизнинг ҳақлигимизни исботлаб бердик. Биз монополияга йўл қўймадик. Қонун доирасида ишладик. Энди яна битта компанияни танлаб олмоқчимиз. Танлов ғолибини эса биз ҳал қилмаймиз. У электрон танлов асосида аниқланади”, дея таъкидлади Раъно Жўраева.
Шу ўринда савол туғилади. Кунига 12 минг, тиғиз соатларда 2400 йўловчига хизмат кўрсатадиган аэропорт учун 100 та машинаси мавжуд ягона такси компанияси етарли бўладими? Бундан ташқари, такси нархи минимум 30 минг сўмдан бошланади, шунингдек, маълум доирадан ташқарида километрига 3000 сўмдан қўшилиб боради – бу эса йўловчи чўнтагига “оғирлик” қилиши мумкин.
Бундай вазиятда Европа тажрибасига таянган ҳолда аэропортдан шаҳар марказигача бепул жамоат транспорти фаолиятини йўлга қўйишнинг иложи борми?
“Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева бу саволга жавоб берар экан, фақат Тошкентда эмас вилоятларда ҳам жамоат транспортлари билан боғлиқ муаммолар борлигини таъкидлади.
“Бизнинг мамлакатда жамоат транспорти 24 соат тинмай ҳаракат қилиши керак. Бу зарур. Биз фақат ҳокимият билан гаплашиб автобус кириши учун яқинроққа бекатни кўчиришимиз мумкин. Лекин ҳозир автобусдан фойдаланиб, одамларни аэропортга олиб кириш мумкин эмас. Биз ҳозир иккинчи ва учинчи рақамли терминаллар орасида ўзаро хизмат қилувчи ўзимизнинг автобусларимизни йўлга қўйганмиз. Халқаро йўналишларга ўтишда одамлар текинга ундан фойдаланишлари мумкин”, дейди Жўраева.
Шунингдек, у такси хизматини шаҳарда бутунлай электронлаштиришни таклиф қилди.
“Йўловчилар кўп, автобуслар эса етишмаяпти. Таксини ҳам электрон қилиш керак. Чет элдаги каби босиб ўтиладиган манзилга қараб пул тўланиши керак. Бизда эса одамлар кўчада такси билан савдолашиб ўтиришади. Биз бекатлар қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳақида ҳокимиятга мурожаат қилганмиз”, дея қўшимча қилди Жўраева.
LiveБарчаси