Монархлардан қолишмайдиган Президентлар ёхуд МДҲда ким кўп ҳукмронлик қиляпти?
Бу қизиқ
−
04 Июль 2020
25190Дунё XXI асрнинг учинчи декадасига кирган бир вақтда ҳам қонунларни четлаб ўтиб ёки уларни ўзига мослаштириб, давомий ҳукмронлик қилаётган Президентлар оз эмас. Уларнинг кўпчилиги Осиё ва Африка давлатлари раҳбарлари ҳисобланади. Чунки шу икки қитъа давлатларида демократия ва авторитар тузум қоришиб кетган.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларда ҳам узоқ вақтдан бери ҳокимиятда қолаётган Президентлар йўқ эмас. Хусусан, жорий йилнинг 1 июль куни Россияда Конституцияга ўзгартириш киритиш учун ўтказилган сайлов натижасида амалдаги Президент Владимир Путин ҳокимиятда яна 12 йил қолиш имкониятини қўлга киритди.
Дунёда 10 йилдан ортиқ вақтдан бери иқтидорда қолаётган раҳбарлар талайгина. Уларнинг кўпчилигини Ўзбекистонда деярли билишмайди.Шу сабабли биз дастлаб МДҲда кимлар 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳокимият тепасида қолаётганига қизиқдик.
Имомали Шарипович Раҳмон (Тожикистон)
Имомали Раҳмон МДҲ давлатлари орасида ҳокимиятда қолиш бўйича рўйхатда пешқадамлик қиляпти. У 1994 йил 16 ноябрдан бошлаб Тожикистон Президенти ҳисобланади. Раҳмон узоқ йиллардан бери ҳокимиятда қолаётганига қарамай Тожикистоннинг биринчи эмас, учинчи Президенти. Ундан аввал Қаҳҳор Маҳкамов (1990 йил 30 ноябрдан 1991 йил 31 августгача) ва Раҳмон Набиев (қисқа танаффус билан 1991 йил 23 сентябрдан 1992 йил 7 сентябргача) Тожикистон Президенти бўлган. Бироқ Раҳмон Набиев 1992 йилда фуқаролар уруши бошланишига сабабчи бўлгач, босим остида ҳокимиятдан кетган. Орадан 7 ой ўтиб, сирли равишда вафот этган.
Имомали Раҳмон фуқаролар урушидан кейин ҳокимиятга келган. У 1992 йил 27 ноябрдан1994 йил 16 ноябргача Тожикистон Республикаси Олий кенгаши раиси бўлган ва амалда давлатни бошқарган.1994 йилда Президент лавозимини эгаллаган.
Бугунгача у тўрт марта (1994, 1999, 2006, 2013 йиллар) президентлик сайловида ғолиб бўлган. У “Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат етакчиси” олий унвонига эга. Раҳмон фаолияти давомида Конституцияга ўзгартириш киритиш ва референдумлар орқали ваколатларини кенгайтириб борган. Хусусан, сўнгги бор 2016 йилда ўтказилган референдум натижасида Имомали Раҳмонга Тожикистон Президентлигига исталганча сайланиш ҳуқуқи берилган.
Раҳмон Президентлиги давомида 5 та Бош вазир билан ишлаган. Амалдаги Бош вазир Қоҳир Расулзода 2013 йилда тайинланган.
Имомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда Кўлоб вилоятининг Данғара туманида дунёга келган. Оилада уч фарзанднинг кичиги бўлган. Раҳмоннинг икки ўғли (Рустам ва Сомон) ҳамда етти қизи (Феруза, Озода, Руҳшона, Тахмина, Парвина, Зарина ва Фарзона) бор. У Тожикистондаги юқори лавозим ва йирик компанияларни фарзандлари, қудалари ва бошқа қариндошларига саҳийларча бўлиб берган.
Александр Григорьевич Лукашенко (Беларусь)
Беларусь Президенти МДҲ давлатлари орасида ҳокимиятда қолиш бўйича рўйхатда Раҳмон билан бирга (агарда Имомали раҳмон 1994 йилда Президент бўлган десак) сарбонлик қиляпти. У 1994 йилнинг 20 июлидан бери узлуксиз Беларусни бошқариб келяпти. Беларусь ва рус жамоатчилиги орасида “Батька” деб аталувчи Лукашенко бу вақт оралиғида 5 марта президентликка сайланган, олтинчи муддатга ҳам даъвогар бўлиб турибди. Сайлов жорий йилнинг 9 август кунига белгиланган.
Беларусь Президенти 26 йиллик фаолияти давомида Ҳукумат раҳбари 8 марта алмашган. Ҳозирда Лукашенко тўққизинчи Бош вазир Роман Головченко билан ишлаяпти.
Лукашенко сайловолди нутқларида кўп бор президентликни бериб қўймаслиги ҳақида айтиб ўтди. Агар у яна сайланса, 2025 йилгача ҳокимиятда қолади.
Лукашенко 1954 йилда Витеб вилоятининг Оршан тумани Копис қишлоғида туғилган. Унинг уч нафар ўғли бор. Уларнинг каттаси Виктор 44, ўртанчаси Дмитрий 40 ва кенжаси Николай 15 ёшда. Кенжа ўғил отаси билан расмий тадбирларда тез-тез кўриниш беради. У Москвадаги Ғалаба парадида ҳам қатнашди.
Владимир Владимирович Путин (Россия Федерацияси)
СССРнинг қора ишларини қилиб келган КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)дан чиққан, асли разведкачи бўлган Владимир Путин мана 20 йилдирки Россияда умргузаронлик қилиб келяпти. Путин 1952 йил 7 октябрь куни Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри)да туғилган.
Путин 1999 йил 16 август куни Россия Бош вазири бўлган. Ўша вақтдаги РФ Президенти Борис Ельцин кўп ўтмай ҳокимиятни Путинга топширишини маълум қилган. У 1999 йил 31 декабрдан бошлаб мамлакат раҳбари вазифасини бажара бошлаган. 2020 йилгача 16 йил давомида мамлакат Президенти бўлган. 2008-2012 йилларда Дмитрий Медведев Президентлиги даврида у Бош вазир лавозимини эгаллаган.
Владимир Владимирович 2000, 2004, 2012 ва 2018 йиллардаги президентлик сайловида ғолиб бўлган. 2012 йилда сайловдан олдин президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилган. Шу тариқа Путин яна икки муддатга сайланиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Путиннинг амалдаги президентлик муддати 2024 йилда якунланади. Бу унинг сўнгги сайланиши бўлиши керак эди. Аммо уддабурон Владимир қайта сайланиш учун заминни келаси сайловгача ҳали 4 йил борлигидаёқ ҳозирлаб қўйди.
1 июль куни Россия Конституциясига ўзгартириш киритиш учуч референдум ўтказилди. Ўзгартиришларни сайловда қатнашганларнинг 77,92 фоизи маъқуллади. 21,27 фоизи эса қарши бўлди. Унга кўра, Путиннинг президентлик муддатлари “ноллаштирилди”. Энди у яна икки марта президентликка номзод бўлиши ва сайланса, 2036 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.
67 ёшли Путин турмуш ўртоғидан ажрашган. Унинг икки қизи (Мария ва Катерина) бор. Путиннинг оиласи у қадар катта бўлмагани учун унинг қариндошлари юқори лавозимларни эгаллаб ўтириши ҳақида маълумот йўқ. Аммо унинг ҳокимияти “соя”сидан баҳра олаётган дўстлари талайгина.
Илҳом Ҳайдар ўғли Алиев (Озарбайжон)
Озайрбайжон Президенти МДҲдаги узоқ йиллик Президентлар рўйхатидан тўртинчи ўринни эгаллади. Озарбайжоннинг учинчи Президенти Ҳайдар Алиевнинг ўғли ва меросхўри Илҳом Алиев мамлакатни бошқараётганига ҳам 17 йил тўлди. У 2003 йилда отаси вафотидан (2003 йил 12 декабрь) бироз аввал 31 октябрь куни Президент бўлган.
Илҳом Алиев тўрт марта (2003, 2008, 2013 ва 2018 йиллар) президентлик сайловида ғалаба қозонган. Қатор халқаро кузатувчилар фикрича, Илҳом Алиев даврида Озарбайжонда сиёсий муҳит барқарорлашган. Шунга қарамай, унинг ҳокимиятини диктатура ва авторитар тузум деб атовчилар ҳам йўқ эмас.
Илҳом Алиев хам Имомали Раҳмондек юқори лавозимларни яқинларидан аямаган. Бу ўринда энг аввало, Алиевнинг рафиқаси, мамлакат Биринчи хоними Меҳрибон Алиевани айтмай илож йўқ. Мамлакат Биринчи хоними бир вақтнинг ўзида вице-президент ҳам ҳисобланади. Илҳом ва Меҳрибон Алиеваларнинг бир ўғли (Ҳайдар) ва икки қизи (Орзу ва Лейла) бор.
Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедов(Туркманистон)
Туркманистоннинг иккинчи Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йил 21 декабрь куни ҳокимият тепасига келган. Унинг ҳокимиятига ҳам деярли 14 йил бўлди. У тиббиёт ва иқтисодий фанлар бўйича докторлик даражасига эга.
Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга Туркманбоши Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин келган. Бердимуҳамедов “Арқадағ” (ҳимоячи, ҳомий) унвонига эга.
У 1957 йилда 29 июнь куни Ашхобод вилоятининг Кўктепа тумани Бабарпа қишлоғида туғилган. Асли тиббиёт соҳаси мутахассиси бўлган Бердимҳамедов 1997 йилдан Соғлиқни сақлаш вазири сифатида сиёсий фаолиятини бошлаган.
“Арқадағ” бошқа давлатлар раҳбарларидан ўзининг ранг-баранг хоббилари билан ажралиб туради. У ўқ отиш, қўшиқ айтиш, пойга автомобилларини йиғиш ва ралли мусобақаларини уюштиришни яхши кўради. Шунингдек, Бердимуҳамедов кўп сонли китоблар муаллифи ҳамдир. Уларнинг орасида тиббиётга оид китоблар ҳам талайгина.
Бердимуҳамедов даврида Туркманистон ёпиқ сиёсат олиб боряпти. 2018 йил маълумотига кўра, мамлакат БМТга аъзо 146 давлат билан дипломатик алоқа ўрнатган. Туркманистонда 30 та давлат ва 15 та халқаро ташкилотнинг ваколатхонаси фаолият юритади. Мамлакатнинг асосий ҳамкорлари Беларусь, Туркия, Россия, Хитой, Эрон ва Қозоғистон ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, юқорида фаолияти билан танишиб чиққан Президентларимиз нафақат МДҲда, балки Осиёда ҳам энг кўп ҳукмронлик қилган раҳбарлар ҳисобланади. Бу борада уларни фақатгина монархлар ортда қолдириши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь