МОМИҲга аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари декларация имзолади
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
2776Бугун, 20 сентябрь куни Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари томонидан уларнинг мамлакатларига “МОМИҲ-2030” учун умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мажбуриятини юклайдиган қўшма декларацияни имзоланди.
Ҳужжатни имзолаш Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (МОМИҲ) иштирокчи давлатлари энергетика вазирларининг пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган Биринчи Мулоқоти доирасида амалга оширилди.
Декларация 9 банддан иборат бўлиб, унда мамлакатларнинг 2030 йилгача умумий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш соҳасида “тоза энергиядан фойдаланишга эришиш” ҳақида гапирилган еттинчи мақсадига эришиш борасида ҳамкорлик қилиш мажбуриятлари акс этган.
Декларация жорий йилнинг 24-25 сентябрь кунлари БМТнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги саммити арафасида имзоланди.
Янги Энергетика стратегияси МОМИҲ-2030 Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Стратегиянинг мақсади 2030 йилгача БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқ минтақада ишончли, барқарор, ислоҳ қилинган энергия бозорларини яратишдир.
“Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Ўзбекистон молиявий ва экологик жиҳатдан барқарор энергия саноатини ривожлантириш тарафдоридир. Биз ўз мақсадимизга эришиш учун МОМИҲ минтақасининг бошқа давлатлари ва халқаро молия манбалари билан ишлашдан умидвормиз”, дейди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов.
Декларацияни имзолаган мамлакатлар, шунингдек, қуйидаги мажбуриятларни олди:
- 2023 йилгача шамол ва қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтириш;
- хусусий секторга инвестициялар киритилишини кўпайтиришни рағбатлантириш учун инвесторларга маъқул меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш;
- МОМИҲ доирасида молиялашнинг минтақавий механизмларини яратиш;
- МОМИҲ минтақасида энергетика соҳасида кам сонли бўлган аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш.
МОМИҲ дастури Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва умумий ривожланиш мақсадида ҳамкорлик қилиш бўйича 11 мамлакат ва ҳамкорларнинг биргаликдаги фаолиятини намоён этади. Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистан, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, Покистон, ХХР, Тожикистон, Туркманистон мазкур ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади.
LiveБарчаси