Молдованинг россияпараст собиқ Президенти уй қамоғига олинди

Олам 4003
image

Кишинёв шаҳрининг Чекани сектори суди Молдова собиқ Президенти Игорь Додонни 30 кунга уй қамоғида сақлаш ҳақидаги прокуратура талабини қисман қаноатлантирди.

“Суд прокурорларнинг илтимосномасини қисман қаноатлантиришга, Игор Николаевич Додонга нисбатан 30 сутка муддатга уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга қарор қилди”, дейилади суд қарорида.

Прокурор Петру Ярмолючнинг айтишича, айблов томони суднинг Додонни уй қамоғига олиш ҳақидаги қарори устидан шикоят қилади.

“Биз уни терговга таъсир қилиш имкониятидан маҳрум қилиш учун 30 кун давомида ҳибсга олишни талаб қилдик. Суд прокурор талабини қисман қаноатлантирди, биз бу қарор устидан шикоят қилмоқчимиз”, деган Ярмолюк.

Сиёсатчининг ишда иштирок этаётган куёви Петр Мериняну суд томонидан изоляторга юборилган.

Додон журналистларга, унинг фикрича, иш сайловдан кейин дарҳол уни қамоққа ташлашни талаб қилган “Президент Майя Сандунинг буйруғи билан қўзғатилган”. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, содир бўлаётган воқеалар “мухолифатни зарарсизлантириш учун АҚШнинг Молдовадаги элчихонаси томонидан бошқарилмоқда”.

Россияпараст сиёсатчи ҳисобланган Игорь Додон 2020 йилда Молдованинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиши тарафдори бўлган Майя Сандуга ютқазиб, президентликка қайта сайлана олмади.

Додонга қарши иш унинг 2019 йилда нуфузли Молдова сиёсатчиси ва мамлакатнинг энг бадавлат тадбиркори Владимир Плахотнюк билан учрашуви видеоёзувларига асосан бошланган. Плахотнюкнинг қўлидаги ёзувлардан бирида ўша пайтда Президент бўлган Додон “Костяга беришни” сўраган номаълум мазмунли пакет кўрсатилган. Пакетда пул борлиги ҳақида даъволар илгари сурилмоқда.

Ҳозирда Молдова прокуратураси вакиллари Коррупцияга қарши миллий марказ ҳамда Ахборот ва хавфсизлик хизмати билан биргаликда пассив коррупция, ноқонуний бойиш, давлатга хиёнат қилиш ва жиноий ташкилот томонидан Социалистик партияни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.

Президент, шунингдек электр энергиясини импорт қилишнинг коррупцион схемалари орқали 12 миллион долларни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 2.9
t
×