Модининг Россияга ташрифи АҚШни ғазаблантириши мумкин – “Business Insider”
Олам
−
08 Июль
9269Бугун, 8 июль куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди сайловдаги ғалабасидан кейин Москвага илк ташрифини амалга оширди. Бу эса Қўшма Штатларнинг ғазаб отига минишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда “Business Insider” нашри ёзмоқда.
Нашрнинг қайд этишича, Модининг Россияга бориши расмий Вашингтон Президент Владимир Путинни яккалаб қўйишга уринаётган бир пайтда содир бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Америка раҳбариятини Ҳиндистон борасидаги фикрларини ўйлаб кўришга ундаши мумкин.
“Худди Путиннинг Вьетнамга ташрифи каби, Ҳиндистоннинг Россия билан ўзаро ҳамкорлиги Қўшма Штатлар учун яхши натижа бермайди, чунки бу Вашингтон Путинни яккалаб қўйишга уринаётган бир пайтда содир бўлмоқда”, дейилган нашр хабарида.
Шунингдек, Бош вазирнинг Россияга қилинган ташрифи бутун дунёга Нью Деҳли ўз кун тартибини ҳимоя қилишдан қўрқмаслигини кўрсатади. Ҳаттоки, Моди Х саҳифасида рус тилида твит қолдирди.
“Биз мамлакатларимиз ўртасидаги махсус ва имтиёзли стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга интиламиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши халқларимизга катта фойда келтиради”, деб ёзган Ҳиндистон Бош вазири.
Айни пайтда ҳам Моди Россияда бўлиб турибди.
Маълумот учун, Москвадан кейин 9-10 июль кунлари Ҳиндистон Бош вазири Австрияга ташриф буюради, бу Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг сўнгги 40 йилдаги биринчи ташрифи ва Модининг ўзи учун ҳам биринчи ташриф бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки кунлик расмий ташриф билан Москвага етиб боргани ҳақида хабар берилганди.