МО давлатлари, Туркия ва Грузия темирйўл ташиш ҳажмини оширмоқчи
Жамият
−
16 Ноябрь 2023
2366CASCA+ (Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Туркия) халқаро мултимодал транспорт ва транзит йўналишида иштирок этувчи давлатларнинг темирйўл идоралари раҳбарлари Ашхободда юк ташиш ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда “Нейтраль Туркманистон” расмий газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, йиғилишда Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг тармоқ вазирликлари ва тегишли идоралари, шунингдек, логистика компаниялари ва корхоналари делегациялари иштирок этган.
Қайд этилишича, йўналишнинг икки денгиз ва кўплаб мамлакатлар ҳудудидан ўтувчи мултимодаллиги мазкур йўлак имкониятларидан самарали фойдаланиш имконини беради. Йўналиш ишга туширилган 2019 йилдан буён 30 мингга яқин контейнер ташилган. Тадбир иштирокчилари жорий йилда контейнер ташиш ҳажмини 30 минг контейнерга етказишни мақсад қилганини қайд этди. Уларнинг фикрича, бу “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарбий” транспорт йўлаклари бўйлаб ташишни фаоллаштириш ва товарлар турини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
CASCA+ йўналиши 2019 йилда Тошкентда ушбу мамлакатлар давлат темирйўллари раҳбарларининг йиғилишида яратилган эди. Туркия лойиҳага 2021 йил декабрь ойида қўшилган. Йўналиш номидаги "+" белгиси маршрут бўйлаб ташишдан манфаатдор бўлган янги потенциал иштирокчиларни қабул қилишга тайёрлигини билдиради, унинг якуний мақсади Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитойни Европа билан боғлашдир.
LiveБарчаси