МН17 фожиаси: 298 кишининг ўлимида айбланган уч киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Олам 11303
image

Бугун, 17 ноябрь куни Гаага округ суди Украина фуқароси ва икки россияликни 2014 йил июлида Донбасс осмонида ракета билан уриб туширилган Malaysian Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи самолёти ҳалокатида айбдор деб топди. Уларнинг барчасига умрбод қамоқ жазоси тайинланди.

Айбланувчилар тан олинмаган “Донецк халқ республикаси” собиқ “мудофаа вазири” Игорь Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский (лақаби Хмурый (хўмрайган)), полковник Олег Пулатов (Гюрза) ва Украина фуқароси Леонид Харченко (Крот) эди. Гиркин, Харченко ва Дубинскийнинг айби исботланган деб топилди. Агар қўлга олинса, улар қамоққа тушади. Судланувчи Пулатовга қўйилган айбловлар олиб ташланди.

Суд томонидан кўриб чиқилган тергов хулосаларига кўра, тўрт киши ҳам Россиядан жиноят қуроли – “Бук” зенит-ракета мажмуасининг олиб келинишига ҳисса қўшган ва унинг экипажи ҳаракатларини мувофиқлаштирган ва шу билан “298 кишининг ўлдирилишида” асосий роль ўйнаган. Судланувчилар ҳукм эълон қилинишида иштирок этмаган.

Суд, шунингдек, МН17 рейси Первомайский қишлоғи яқинидаги даладан отилган Россиянинг “Бук” ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширилганини тасдиқлади. Донбассдаги можаро халқаро деб эътироф этилган ва ўша пайтда Россия Федерацияси “ДХР” деб аталадиган тузилма устидан универсал назоратга эга эди, дея хабар беради DW мухбирлари Гаагадан. Шу билан бирга, айбланувчилар Гиркин, Дубинский, Харченко ва Пулатов жангчиларнинг дахлсизлигидан фойдалана олмайдилар, чунки Россия Федерацияси унинг “ДХР” устидан назоратини тан олмаган ва уларнинг ўзлари Россия Қуролли Кучлари таркибига кирганликларини инкор этганлар.

Суд қариндошларга етказилган зарарни қоплаш Украина қонунлари билан тартибга солиниши керак, деган қарорга келди, чунки ҳодиса Украина ҳудудида содир бўлган.

Иш бўйича тингловлар Malaysian Airlines’нинг Boeing самолёти учган Амстердам яқинидаги Схипхол аэропортидаги ҳуқуқий мажмуада бўлиб ўтди. Суд мажлислари очиқ ўтди, жараённи кузатиб боришни истаган ҳар бир кишига шундай имконият берилди: йиғилишлар, жумладан, суд ҳукми эълон қилиниши ҳам интернет тармоғида кўрсатилди.

MH17 ҳалокати тарихи

Malaysian Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 самолёти 2014 йил 17 июлда ҳалокатга учраган. Терговнинг аниқлашича, Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси билан учаётган йўловчи лайнери ракета билан урилган. Бортдаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Фожиадан сўнг беш давлат – Австралия, Бельгия, Малайзия, Нидерландия ва Украина қўшма Халқаро тергов гуруҳини (JIT) тузди. Унинг экспертлари самолёт россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудда жойлашган “Бук” ҳаво мудофаа ракета тизимидан отилган 9М38 серияли ракета билан уриб туширилган деган хулосага келди. Бук у ерга Курск яқинида жойлашган Россия Федерациясининг 53-ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасидан олиб келингани ва фожиадан кўп ўтмай, чегара орқали Россия Федерацияси ҳудудига қайтарилганига терговчиларнинг ишончи комил.

Суд жараёнида авиалайнернинг қолдиқлари ва уни уришда ишлатилган ноёб серия рақамига эга ракета, сунъий йўлдошлар ва радарлардан олинган маълумотлар, шунингдек, жиноят қуроли – “Бук” ҳаво мудофаа тизими қандай олиб ўтилгани ва ортга қайтарилгани кўрсатилган фото ва видеолавҳалар эълон қилинди. Бундан ташқари, айблов томони судга гувоҳларнинг кўрсатмаларини ва MH17ҳалокатига алоқадорликда гумон қилинганлар ўртасидаги телефон суҳбатларини тақдим этди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 242
Рейтинг: 2.9
t
×