Мишустин Россия иқтисоди қачон ўзига келишини айтди
Олам
−
06 Октябрь 2022
10432Россия иқтисодиёти барқарор ҳолатга қайтиши учун бир йилдан сал кўпроқ вақт кетиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 6 октябрь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин “II Каспий иқтисодий форуми”нинг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
"Биз бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида Россия иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларига қайтади, деб кутмоқдамиз. 2024-2025 йилларда эса ялпи ички маҳсулот ўсишда давом этади, бу биринчи навбатда ички талаб, истеъмол ва инвестициялар ўсиши ҳисобига ва стратегик устуворликларни амалга оширишга қаратилган”, дейди Бош вазир Мишустин.
У шунингдек, ўз нутқида экспорт-импорт оқимларини қайта йўналтириш, технологик суверенитетни мустаҳкамлаш, хусусий инвестициялар ва молия бозорини қўллаб-қувватлаш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутганини тушунтириб ўтди.
"Биз санкциялар узоқ муддатли бўлишидан келиб чиқамиз. Асосий вазифа фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва иқтисодиёт эҳтиёжларини қондиришдир. Биз эҳтимолий хавфларни ҳисоблаб чиқишда ва қарши воситалардан фойдаланиш оқибатларини юмшатишда, мавжуд воситаларни такомиллаштириш ва қўшимча жавоб механизмларини ишлаб чиқишда давом этамиз”, деб ишонтирди Россия Бош вазири.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 24 февраль куни Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлагач, Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Тайвань, Швейцария, Янги Зеландия ва Австралия мамлакатлари РФга қарши мислсиз санкциялар қўллади.
Чекловлар Россия иқтисодининг барча тармоқларига таъсир қилди. Россия билан савдо-сотиқ чекланиб, рус банклари халқаро тўлов тизимларидан узиб қўйилди. Бу эса мамлакат иқтисодининг ўсишини секинлаштирди.
Ойша Турғунпўлатова
LiveБарчаси