Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи 3 кундан 1 кунга қисқартирилади
Жамият
−
16 Январь 2023
7784Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга 16–18 январга белгиланган давлат ташрифи қисқартирилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 16 январь куни Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда Президент энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб Сингапурга ташриф давомийлигини 3 кундан 1 кунга қисқартиришини эълон қилган.
"Ушбу мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги қимматли тажрибасини ўрганиш лозимлиги, қолаверса, ушбу давлатдан 4,7 миллиард долларгача қўшимча инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани учун ҳам бу ташриф муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, самарасиз ишлаётган давлат корхоналарини хусусийлаштиришга ҳам инвестициялар жалб қилинади", дейилади Асадов берган хабарда.
3 кунга белгиланган давлат ташрифи ҳақида берилган дастлабки маълумотларда Президент Мирзиёев Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат Бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказиши режалаштирилган эди.
Шунингдек, кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги амалий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзолаш учун тайёрланаётгани айтилди.
Бундан ташқари, Президент Мирзиёев Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши белгиланганди.
Президент Матбуот котиби Асадов мамлакат раҳбарининг Сингапурга давлат ташрифи қисқартирилиши ортидан қайси тадбирлар бекор қилинишига аниқлик киритмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь