Мирзиёев Янги Наманган шаҳарчасининг иккинчи босқич лойиҳаси билан танишди
Жамият
−
10 Март 2022
5646Кеча, 9 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Янги Наманган шаҳарчасининг иккинчи босқичи лойиҳаси билан танишди.
Наманган шаҳри ҳам иқтисодиёт, ҳам нуфус жиҳатидан ўсиб бормоқда. Сўнгги беш йилда шаҳар аҳолиси 152 минг нафарга кўпайган. Шу даврда 300 дан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, қарийб 65 минг фуқаро янги хонадонга эга бўлган.
Жумладан, Янги Наманган шаҳарчаси лойиҳасининг биринчи босқичида 330 гектар майдонда 8 минг 500 хонадонли 184 та уй-жой барпо этилди. Шунингдек, 145 гектар майдонда кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 10 минг янги иш ўринлари яратилди.
Бугунги кунда Наманган шаҳрида 30 минг фуқаронинг уй-жойга эҳтиёжи бор. Келгуси йилларда шаҳар аҳолиси йилига 25 минг нафарга кўпайиши кутилмоқда.
Шу боис, Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида Наманган шаҳрини “бир миллионлик шаҳар”га айлантириш ва “Янги Наманган” шаҳарчасини кенгайтиришни айтган эди.
Тақдимотда ушбу шаҳарчанинг иккинчи босқичи бош режаси кўриб чиқилди.
Унга кўра, 272 гектар майдонда 20 минг хонадонга эга 171 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Президент уйларнинг сифати, инфратузилмаси қандай бўлиши билан қизиқди. Мутасаддиларга ҳозир кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар ва талабгорлар билан учрашиб, уларнинг таклифларини олиш, шу асосида лойиҳани танқидий қайта кўриб чиқиб, батафсил режалаштириш бўйича топшириқ берди.
Ҳудудда уйларни ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини тўғри жойлаштириш, биноларда миллий ҳунармандчиликка хос безаклардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Шаҳарча ҳудудида иш ўринлари ташкил этиш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Лойиҳага кўра, бу ерда “Янги Ўзбекистон” боғини барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Президент боғ учун дарахт кўчатларини ҳозирдан етиштириш, кўп қаватли уйлар олдида ва йўл бўйларида ҳам дарахтлар экиш зарурлигини таъкидлади.
Наманган вилоятида кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш, ички йўллар ва ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мутасаддиларга ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли ишини ташкил этиш, маҳаллаларда спорт майдончалари, маиший хизмат мажмуалари қуриш бўйича топшириқлар берилди.