Мирзиёев ЯИМни 100 миллиард долларга етказишни режа қилганини айтди
Бизнес
−
24 Март 2022
15481Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 март куни пойтахт Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.
Форум очилиш маросимида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспортини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилаётганини айтди.
Президент инвестицияларни жалб қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Унинг қайд этишича, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўналишида амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йилдан эътиборан Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар Кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
Шунингдек, “крауд-сорсинг” платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда, барча тармоқлар ва ҳудудлардаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш амалиёти давом эттирилади.
"Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотларимиз натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотимизни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади.
Биз Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришишни мақсад қилиб қўйганмиз", дейди Президент.
LiveБарчаси