Мирзиёев ва Жапаров “ёпиқ эшиклар” ортида нималарни гаплашди

Жамият 7781
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 11 март куни Кўксаройда Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг тор доирадаги музокараси бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Президент Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни Қирғиз Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор табриклаб, қирғиз халқининг фаровонлиги йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлаб бориш, аввал қабул қилинган ҳужжатларни амалга ошириш йўлида қатъий эканини тасдиқлади. Барча соҳалардаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш учун олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

2017 йил 5 сентябрда имзоланган Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартноманинг тарихий аҳамияти қайд этилиб, мазкур чегаранинг қолган қисмларини ҳам делимитация қилиш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияга музокараларни фаоллаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Мулоқотда минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позицияси бир хил экани намоён бўлди.

Қирғизистон Президенти Ўзбекистоннинг минтақада ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қуватлашини билдирди. Томонлар ушбу форматдаги учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказиш муҳимлигини қайд этдилар.

Марказий Осиёга тегишли барча масалалар минтақа давлатларининг ўзи томонидан, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳурмат қилиш тамойили асосида ҳал этилиши муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳам якдил фикр билдирилди.

Садир Жапаров Қирғизистон делегациясига кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдириб, давлат раҳбарини Қирғиз Республикасига ташриф буюришга таклиф қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3
t
×