Мирзиёев ва Жапаров бўлажак учрашувлари ҳақида гаплашиб олди
Жамият
−
19 Май 2022
4823Бугун, 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Турли даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан таъкидланган.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда – йил бошидан товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда бешта муҳим йўналиш – Давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқни кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги амалий ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Минтақавий мулоқот масалалари муҳокама қилинар экан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳимлиги қайд этилган. Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.
“Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстлик руҳида ўтди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси