Мирзиёев ва Бердимуҳамедов транспорт йўлакларини ривожлантиришга аҳдлашди
Жамият
−
21 Октябрь 2022
4764Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказдилар.
Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
“Минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганлар”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Кейинги ойларда давлат раҳбарлари олтинчи марта учрашаётгани Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзига хос муносабатларнинг ёрқин далилидир.
Президент Мирзиёев Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов икки мамлакат ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган бугунги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этди.
Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилаётгани, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг улкан салоҳиятини ишга солиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди. Кейинги йилларда ўзаро савдо жадал суръатда ошиб бормоқда.
Ўзбекистон-Туркманистон Чегараолди савдо зонаси ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди. Бугун давлат раҳбарлари ушбу зонанинг қурилишини бошлаб берадилар.
Томонлар кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинди.
Транспорт соҳаси – ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири. Давлат раҳбарлари “Шарқ - Ғарб” ва “Шимол - Жануб” йўналишларида, шу жумладан Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашиб олдилар.
Икки мамлакат сув соҳасида юксак даражада ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимни кенг кўламда амалга оширмоқдалар.
Устувор йўналишлар орасида – ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Келгуси йилда иккала мамлакатда барча вилоятлар иштирокида Маданият ва кино кунлари, ёшлар фестиваллари ўтказилади.
Белгиланган мақсадларга эришишда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилишига ишонамиз”, дейди музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси.
LiveБарчаси