Мирзиёев “Ўздонмаҳсулот” фаолиятини танқид қилди

Жамият 8089
image

Ўзбекистонда давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам. Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 11 май куни дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда маълум қилинди. 

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсаётганидан хавотир билдирган. 

“Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди.

Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади. Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур. 

Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келаяпмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Йиғилишда соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланган. Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.

Йиғилишда ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилгани, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.

“Лекин, бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёрми? Афсуски, бу саволга жавоб ижобий эмас.

Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди”, дея танқид қилди Президент.

Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам.

Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.

Йиғилишда давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмагани алоҳида урғуланди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 177
Рейтинг: 3
t
×