Мирзиёев Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси янги биносини бориб кўрди
Жамият
−
26 Апрель 2019
5472Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифи давомида бугун, 26 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси янги биносини кўздан кечирди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, энергетика, маданий-гуманитар йўналишларда фаол ривожланиб бормоқда.
Дипломатик ваколатхонанинг уч қаватли янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида, АҚШ, Япония, Малайзия, Сингапур каби давлатлар элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган.
Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган.
Биринчи қаватда музокаралар, ишбилармонлик ва маданият тадбирларини ўтказишга мўлжалланган “Самарқанд”, “Бухоро”, “Хива”, “Қўқон” заллари жойлашган. Дарвозадан кираверишдаги айвон халқимиз анъаналари ва бой маданиятини акс эттирган.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароитлар билан танишар экан, мазкур даргоҳ миллий услубда безатилганига мамнуният билдирди ҳамда у Хитой томонининг мамлакатимиз билан ҳамкорликка юксак эътибори намунаси эканини таъкидлади.
Ушбу элчихона ўзбек ва хитой халқларини янада яқинлаштирадиган, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирадиган, маданиятлар бир-бирини ўзаро бойитадиган марказ бўлади. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь