Мирзиёев турмуш қурган олимпиячиларни табриклаб, совғалар юборди

Жамият 16524
image

Аввалроқ, эркин кураш бўйича Олимпия ўйинлари совриндори Бекзод Абдураҳмонов ва таэквондо бўйича Осиё ўйинлари совриндори, Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроқдори бўлган Нигора Турсунқулованинг никоҳ тўйи бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар бергандик. 

Президент матубот котибининг маълум қилишича, янги турмуш қурган спортчилар — эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага Шавкат Мирзиёевнинг табриги ва совғалари етказилган.

Жорий йилнинг 6 августида Абдураҳмонов эркин кураш бўйича 74 кг вазн тоифасида Олимпиада бронза медалини қўлга киритган эди. Шу куни унинг оила аъзолари Бекзод Абдураҳмонов уйланаётгани, келин таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нигора Турсунқулова эканини айтиб ўтишган эди.

Маълумот ўрнида, Бекзод Абдураҳмонов икки марта Жаҳон чемпионатида бронза медали, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати олтин медалини қўлга киритган. Бугунги кунда эса ММА’да ҳам фаолият юритаётган спортчи 7 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Маълумотларга кўра, тез кунда у UFC промоушени билан шартнома имзолайди.

Нигора Турсунқулова таэквондо бўйича Осиё чемпионатида олтин ва бронза, Осиё ўйинларида бронза, Бутунжаҳон армия ўйинларида эса кумуш медалга сазовор бўлган, Рио ва Токио Олимпиадасида иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Бекзод Абдураҳмонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 637
Рейтинг: 3.1
t
×