Мирзиёев уч томонлама саммитда сув масаласини кўтарди

Жамият

image

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туркманистонлик мавқедоши Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда қатнашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув кун тартибига мувофиқ, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Мирзиёев сўзининг аввалида Туркманистон Президентига саммитни ташкил этгани ва кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун ҳамда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга тадбирни ўтказиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирган.

Саммитда Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг самарали фаолияти қайд этилган. Якдиллик туфайли икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўзаро мақбул ечимлар қабул қилинаётгани таъкидланган.

Ўзбекистон Президенти янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтган. Бу минтақада сув танқислиги тобора ортиб, кейинги йилларда кескин тус олаётган шароитда айниқса муҳим экани айтилган.

Шунинг учун ҳам, сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинган.

“Бу масалаларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг бутун салоҳиятини ҳамда Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби шерик ташкилот ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни ишга солиш лозим”, деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасида, шу жумладан энергия ресурсларини етказиб бериш ва уларнинг транзити борасида яқин, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлаган.

Шу ўринда, мамлакатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишга интилиши муштарак эканини ҳисобга олиб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилган.

Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирган.

Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинган.

Дунёнинг бош майдони – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва минтақа мамлакатлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган.

Президент Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашга қаратилган ташаббусларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Тожикистон Ўзбекистон Туркманистон Имомали Раҳмон Сердар Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг