Мирзиёев туризм соҳасидаги камчиликларни айтди

Жамият

image

Жорий йил биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар кўп туристлар келди. Бу ҳақда бугун, 26 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

“Лекин, ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак. Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми? Бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди?”, дея савол қўйди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтди.

•  Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда мавжуд меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча кам;

•  Сўнгги йилларда Мўйноқ, Нукус, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Риштон каби янги йўналишлар очилди. Лекин Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳали бор имкониятлардан фойдаланаётгани йўқ;

•  Қорақалпоғистон, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам;

•  “Оилавий” ва “барчаси ичида” хизматларини жорий қилиш ишлари суст. Чўмилиш ҳавзаси 1,2 мингдан зиёд меҳмонхонанинг фақат 30 фоизида бор.

Бундан ташқари, ҳудудлардаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг бугунги кунда 18 тасидан фойдаланилмоқда. Мисол учун, Қамчиқ довонида (Оҳангарон тумани) 2,5-3 минг метр баландликда жойлашган Арашан кўллар тизимидаги сув ҳарорати қишин-ёзин 36 градус иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди.

Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ҳам ер остидан 40-70 даража иссиқликда чиқадиган термал булоқлар ҳудудида санатория-курортлар ташкил қилиш учун барча имкониятлар мавжуд бўлсада, тегишли ҳудудлар ҳокимлари ташаббус кўрсатмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг