Мирзиёев Тўқаев билан МДҲ саммитига тайёргарликни муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон раҳбари Қозоғистоннинг кўп миллатли халқини давлат байрами – Биринчи Президент куни билан самимий қутлаб, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Амалий ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Президентлар халқаро кун тартибини, жумладан, шу ойда Ўзбекистон Республикаси раислигида бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳамдўстлик ва бошқа минтақавий ҳамда глобал тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидлаганлар.

Суҳбат сўнгида қардош икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга икки томоннинг ҳам интилиши қатъий экани тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан ҳам телефон орқали суҳбатлашган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг