Мирзиёев Россия Саноат вазири билан учрашди
Жамият
−
05 Октябрь 2023
4561Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида Қозон шаҳридаги “Казань Экспо” марказида очилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарига Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилган.
Билдирилишича, кеча, 4 октябрь куни шу ерда учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтган. Президент Мирзиёевга ушбу тадбир якунлари тўғрисида батафсил ахборот берилган.
Шунингдек, Мирзиёев Татаристоннинг етакчи корхоналари саноат маҳсулотлари ва технологиялари билан танишган.
“Кўргазма доирасида Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув бўлиб ўтди. Навбатдаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари форумида эришилган келишувларни, энг аввало, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг олий даражадаги учрашуви эртага, 6 октябрь куни Москвада бўлиб ўтиши айтилганди. Етакчилар Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.