Мирзиёев сўнгги 3 йилда мобил интернет нархи қанчага арзонлашганини айтди
Жамият
−
29 Июль 2022
8179Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилди (68-ўриндан). Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Astrum” академиясида IT соҳаси вакиллари билан мулоқот чоғида маълум қилди.
“Бугун янги IT академиясига биз учун аҳамияти ниҳоятда юқори бўлган IT соҳасидаги етук мутахассислар ва ёшларимиз билан учрашув ўтказиш учун келдим.
Биз бугун биргаликда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонаман”, деди давлат раҳбари.
Мирзиёевнинг сўзлрига кўра, дунёда IT хизматлари шиддат билан ривожланмоқда. Жаҳонда бу соҳанинг ўсиш суръатлари йилига 10 фоизни ташкил этиб, жорий йилда 4,3 триллион долларга етади.
“Биз ушбу бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш борасида катта ислоҳотларни бошладик. Соҳага сўнгги беш йилда 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди.
Бундан уч йил олдин IT парклар ташкил қилиб, уларга алоҳида солиқ режимини жорий этдик", дейди Президент.
Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланган. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етган.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошган.
“Сўнгги уч йилда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 15-ўринга кўтарилдик (68-ўриндан).
IT хизматлари ҳажми ва экспорти бир неча баробарга ўсди.
Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди", дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси