Мирзиёев Штайнмайерга табрик мактубини йўллади
Жамият
−
14 Февраль 2022
3298Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга унинг ушбу лавозимга қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклар ва энг эзгу тилаклар изҳор этилган мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
"Сизнинг ушбу юксак лавозимдаги фаолиятингиз Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги анъанавий дўстона ва кўп қиррали муносабатларни мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонаман", дейилади Президент Мирзиёев йўллаган мактубда.
Эслатиб ўтамиз, 13 февраль куни Германия Федератив Республикаси (ГФР) Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер иккинчи муддатга Президент этиб сайланди.
ГФР Федерал йиғилиши мамлакат Президентини сайлаш учун чақириладиган махсус конституциявий орган ҳисобланади. Унга Бундестаг депутатлари ва Германия минтақа парламентлари тайинлайдиган вакиллар киради.
Штайнмайер номзодини ёқлаб 1435 сайловчидан 1045 нафари овоз берган. Йиғилишнинг 86 аъзоси бетараф қолган. Яна 294 киши бошқа номзодларга овоз берган. Президентлик учун Штайнмайердан ташқари яна уч киши ўз номзодини кўрсатган.
Маълумот учун, 66 ёшли Франк-Вальтер Штайнмайер 2017 йил 19 мартидан буён Германия Президенти лавозимни эгаллаб келмоқда. Ўшанда сиёсатчи Йоахим Гаукнинг ўрнини эгаллаганди.
LiveБарчаси