Мирзиёев шарқшунос академикка унвон берди
Жамият
−
07 Август 8153 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Неъматулла Иброҳимовга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони берилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони имзоланди.
Қайд этилишича, у Ўзбекистонда илм-фан соҳасини ривожлантириш, халқнинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, хусусан, шарқшунослик ва манбашунослик йўналишидаги фундаментал тадқиқотлари билан муҳим ишланма ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, ватаннинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган катта ҳиссаси, иқтидорли ёш олимларни тайёрлаш, навқирон авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан тақдирланган.
Маълумот учун, Неъматулла Иброҳимов 150 дан ортиқ китоблар, монографиялар ва илмий мақолалар муаллифи. 1991-2005 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) ректори сифатида фаолият юритган. 1990 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби”, 1996 ва 1999 йилларда Имом ал-Бухорий номидаги халқаро мукофот соҳиби, 1999 йилда “Ўзбекистон Республикаси Олий таълими аълочиси”ни олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилганди.
Live
Барчаси