Мирзиёев Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказишни таклиф қилди (видео)
Олам
−
18 Октябрь 2023
5345Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у бугун, 18 октябрь куни Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида айтиб ўтди.
“Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади”, деган Ўзбекистон Президенти.
Хитой вице-президенти Хань Чжэн модераторлигида ўтган саммит ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукуматлар етакчилари, молиявий институтлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Президент Мирзиёев ўз нутқида барча иштирокчиларни “Макон ва йўл” ташаббусининг ўн йиллиги билан самимий қутлаган.
“Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган ушбу улуғвор ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлгани ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айлангани таъкидланди. Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоридир”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Шавкат Мирзиёев “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиришини айтиб ўтган.
“ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда илгари сурилган ушбу ташаббусни Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”, дейилади хабарда.
Ўзбекистондаги аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятга тўхталиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири экани қайд этилган.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошираётгани таъкидланган.
Шу маънода, жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош котиби ташаббусига кўра ўтказилган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммити якунларига юқори баҳо берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилган. Шу муносабат билан Мирзиёев Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашган.
Билдирилишича, “Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган “Яшил” тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
“Яшил ипак йўли”ни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим вазифа – “яшил” ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш саналади.
Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрлик билдирилган.
Ўзбекистон етакчиси кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида мамлакатда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилган.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирган.
“Яшил” энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилган.
Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурган.
“Яшил” тараққиёт ва экология соҳаси учун малакали кадрлар танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида етакчи хорижий олийгоҳлар ва таълим марказлари билан ҳамкорликда “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этган.
Бундан ташқари, Президент Мирзиёев табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масаласига тўхталган.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга тушириш таклиф қилинди”, дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида форум якунлари, унда билдирилган ғоя ва таклифлар инсониятнинг “яшил” келажагини барпо этиш йўлида муҳим ҳисса бўлишига ишонч билдирган.
LiveБарчаси