Мирзиёев Путин билан қўнғироқлашди. Президентлар нималарни гаплашди?
Жамият
−
16 Август 2022
13980Бугун, 16 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди, минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилишича, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, Ўзбекистон ва Россиянинг ҳудудлари ва тадбиркорлари даражасидаги устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
“Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Айни пайтда савдо кўрсаткичларининг ўсиши юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.
Ҳудудлар ўртасида фаол ва самарали алмашинувлар амалга оширилмоқда, шу йилнинг кузида учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш режалаштирилган. Муҳим инвестицион лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурлар давом эттирилмоқда”, дейилади Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабарида.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия етакчилари, энг аввало, амалий шерикликни аниқ, сифатли мазмун билан бойитиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш орқали икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этган.
Шунингдек, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси муҳокама қилинган. Давлат раҳбарлари жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталган.
Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқотда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг сентябр ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган. Шу нуқтаи назардан, ШҲТнинг халқаро миқёсдаги юксак нуфузи, ташкилотнинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётгани қайд этилган.
“Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилади Россия томони баёнотида.
LiveБарчаси