Мирзиёев поездда қашқадарёлик фаоллар билан учрашди
Жамият
−
19 Июнь
9447Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 19 июнь куни Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан самимий мулоқотда бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбатда шаҳару қишлоқлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти, бугунги тинчлик қадри ҳақида сўз борган.
“Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя давлатимизнинг фаолият дастурига айланган. Шу асосида аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, даромади ва фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.
Ҳудудлар имкониятини тўлиқ ишга солиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар натижасида юртимизнинг ўзида муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар даромадли касбларга ўқитиляпти”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар самарасида саноат жадал ривожланмоқда, илғор технологияли корхоналарда қўшилган қиймат яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, энергетика соҳаларида улкан лойиҳалар ишга туширилмоқда.
Президент иқтисодиёт ривожи, аҳоли кайфиятида йўлларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берган. Охирги 2 йилда Ўзбекистонда 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирланган. Бу йил Қашқадарёда жами 100 километр магистрал йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларни тезлаштириш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.
“Нуронийлар бу ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида сезаётгани, ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини айтишди. Хотин-қизлар вакили барча соҳаларда аёлларга кенг имкониятлар берилгани, натижада улар ўз оиласи ва меҳнат жамоаларида қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшаётганини сўзлаб берди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси