Мирзиёев Покистон Бош вазири билан мулоқот ўтказди. Томонлар қўшма баёнот имзолади

Жамият 1228
image

Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари ўрин олган.

Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари муборак Рамазон ойи бошлангани муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Кейинги йилларда олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланишига, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилган.

“Ҳудудлар ўртасида шериклик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Панжоб штати ҳокими раҳбарлигидаги ишбилармонлик миссиясининг Наманган вилоятига ташрифи муваффақиятли ўтди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда.

Онлайн-учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шериклик ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилган ва биринчи галдаги чоралар белгилаб олинган. Бўлажак тадбирлар режаси келишилган.

Конструктив сиёсий мулоқотни, парламентлараро ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Транспорт ва транзит соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш учун қулай шароитларни яратиш учун қўшимча чоралар кўриш, жумладан, имтиёзли савдо тўғрисида битим ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, қўшма ишбилармонлик форумларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилган.

Маълум қилинишича, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масаласи ўрганилади.

Икки мамлакат етакчилари Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тез фурсатда ҳал этиш масалаларига алоҳида тўхталган. Ушбу мамлакатнинг жадал иқтисодий тикланишига қаратилган саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланган.

Халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистон-Покистон саммити ҳар доимгидек очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтган.

Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинган ҳамда стандартлаштириш ва метрология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3
t
×